Русский Ўзбекча English

Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси билан учрашув бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунлаётган Туркия Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Меҳмет Сурейя  Эр билан учрашув ўтказди.

Учрашув Ўзбекистон – Туркия кўп қиррали ҳамкорлигининг жорий ҳолатини, қўшма лойиҳалар ва ташаббуслар амалга оширилишини ҳамда икки томонлама шерикликни чуқурлаштириш бўйича истиқболли чора-тадбирларни муҳокама қилишга бағишланди.

Туркия инвестор доираларининг Ўзбекистон бозоридаги фаолияти жадаллашгани қайд этилди: 2019 – 2020 йилларда мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилинган турк инвестицияларининг умумий ҳажми қарийб 950 млн долларни ташкил этди ҳамда турк капитали иштирокидаги корхоналар сони икки баравар кўпайиб, 1576 тага етди. Томонлар ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳалари сонини кўпайтириш мақсадида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича муносабатларни фаоллаштиришга келишиб олди.

Ҳамкорликни кенгайтириш учун савдо соҳасида улкан имкониятлар белгиланди - 2025 йилгача товар айланмаси ҳажмини 5 млрд долларгача етказиш бўйича қўшма амалий чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этишга ўзаро содиқлик билдирилди.

Техник ёрдам соҳасидаги ҳамкорлик ривожланишининг ижобий динамикаси ҳам таъкидланди. Хусусан, сўнгги уч йил ичида Туркиядан жалб қилинган грант маблағлари ҳажми 26 млн долларни ташкил этди ва бу 150 га яқин дастур ва ташаббусларни муваффақиятли амалга оширишга имкон берди. Умуман олганда, дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TICA) кўмагида қишлоқ хўжалиги, кичик ва ўрта бизнес, соғлиқни сақлаш ва таълим каби йўналишлар бўйича 800 дан ортиқ лойиҳалар ҳаётга жорий этилди. Томонлар ушбу соҳалардаги ўзаро алоқаларни тизимлаштириш ва кенгайтириш зарурлигини таъкидладилар, устувор йўналишларда техник ҳамкорлик бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқишга келишдилар.

Бундан ташқари, кун тартиби доирасида жорий йилнинг май ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 6-йиғилишини ўтказиш билан боғлиқ бир қатор ташкилий масалалар муҳокама қилинди.

Мулоқот доирасида томонлар Туркия Республикасининг Самарқанд шаҳрида Бош консулхонасининг очилишини юқори баҳоладилар ва ушбу қадам икки мамлакат ўртасидаги маданият, туризм ва минтақалараро шериклик соҳасидаги муносабатларни ривожлантиришга сезиларли туртки беради, деган якдил фикр билдирдилар. Шунингдек, Ўзбекистонда ўзбек-турк университетининг очилиши маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим босқичи бўлиши қайд этилди. Ушбу университет концепциясини ва бошқа бир қатор ташкилий масалаларни келишиш жараёнини тезлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш тўғрисида келишувга эришилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон томони М.Сурейя Эрга Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги икки томонлама шерикликни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech