Русский Ўзбекча English

Туркия Республикаси вице-президенти билан учрашув бўлиб ўтди

28 июль куни Анқара шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигидаги Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Туркия Республикаси вице-президенти Ф.Октай ва Туркиянинг асосий вазирлик ва идоралари раҳбарияти билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув COVID-19 пандемиясининг икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни ривожланишига кўрсатаётган салбий таъсирини минималлаштириш бўйича ўзаро ҳамкорликни, шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида инвестиция, савдо, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилишга бағишланди.

Музокаралар чоғида иккала томон ҳам пандемиянинг халқаро иқтисодий муносабатларга салбий таъсирига қарамай, Ўзбекистон ва Туркия ҳар икки давлат раҳбарлари белгилаб берган умумий келишув ва вазифаларни амалга ошириш бўйича фаол иш олиб боришаётганини таъкидладилар.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари томонидан Туркия ҳукуматига Ўзбекистонга тиббий ускуна ва ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратларини етказиб бериш орқали коронавирус инфекциясига қарши курашишда ўз вақтида амалий ёрдам кўрсатгани, шунингдек, Туркия тиббиёт муассасалари профессорлари таркибидан экспертларнинг ташрифини ташкил қилгани учун миннатдорчилик билдирилди.

Республика аҳолиси орасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирларнинг амалга оширилиши муносабати билан аҳолига ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича маслаҳатлар бериш ва тиббий муассасаларни бошқаришда кўмаклашиш учун туркиялик шифокорларнинг Ўзбекистонга ташрифларини ташкил қилишнинг имкониятлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, учрашув иштирокчилари савдо-иқтисодий соҳада Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги бир қатор ҳукуматлараро битимларини ратификация қилиш процедуралари тугалланганлиги тўғрисида фикр алмашдилар. Икки томонлама идоралараро мувофиқлаштирув натижасида ҳозирга қадар Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим, Икки томонлама солиқ солинишини олдини олиш тўғрисидаги битим, шунингдек, Халқаро комбинацияланган юк ташиш тўғрисидаги битим ҳамда Халқаро йўловчи ва юкларни ташиш тўғрисидаги битимларнинг кучга киришига эришилганлиги таъкидланди. Битимлар билан шакллантирилган платформа икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга имкон беради. Жумладан, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро инвестициялар ва савдо ҳажмини тез суръатларда ўсиб бориши учун ҳам зарур ҳуқуқий майдон ва шарт-шароитлар яратилади.

Шу нуқтаи назардан, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқиш доирасида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш ва лойиҳа бўйича келишиш жараёнларини қисқа муддатда якунлаш тўғрисида келишувга эришилди.

Транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди - Ўзбекистон ва Туркияни боғлайдиган транспорт йўлаклари орқали юк ташиш ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш мақсадида ушбу йўлаклар бўйлаб “Яшил линия” тезкор божхона расмийлаштируви тизимини яратиш масаласи кўриб чиқилади. Мазкур тизим товарларни олдиндан декларация қилиш ҳамда иммиграция, карантин ва манфаатдор мамлакатларнинг транспорт органлари ўртасида маълумотларнинг электрон алмашиш механизмларини жорий этишни назарда тутади. Ташқи савдо, божхона ва транспорт органлари вакилларидан иборат махсус қўшма ишчи гуруҳини ташкил этишга қарор қилинди. Гуруҳ мақсади ушбу ташаббус доирасида амалий вазифаларни ишлаб чиқиш бўлади.

Учрашув доирасида жорий йилнинг февраль ойида амалга оширилган юқори даражадаги ташриф чоғида тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳаракатлар режаси”нинг бажарилиши кўриб чиқилди.

Икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралар саъй-ҳаракатларини яқиндан мувофиқлаштириш орқали режанинг барча бандларини амалга оширилишини тезлаштиришга қарор қилинди.

Шунингдек, учрашув якунларига мувофиқ томонлар Ҳукуматлараро қўшма иқтисодий комиссия мажлисини шу йил охиригача Тошкент шаҳрида ўтказишга келишиб олдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech