Русский Ўзбекча English

Туркия бизнесининг вакиллари билан учрашувлар ўтазилди

Жорий йилнинг 27 июль куни Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Анқара шаҳрига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Туркия компаниялари ва тижорат ташкилотлари раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказди.

Музокаралар чоғида жорий ҳамкорликнинг ҳолати ҳамда яқин келажакда уни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди, шунингдек, қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни амалга ошириш доирасида мавжуд масалалар кўриб чиқилди.

Туркия "Халқ банки"нинг бош директори О.Арслан билан суҳбат чоғида банк Ўзбекистон бозорида фаолиятини ташкил этиши учун шарт-шароитлар кўриб чиқилди. Хусусан, "Халқ банки"нинг Ўзбекистон тижорат банклари акцияларининг давлат улушини хусусийлаштиришда иштирок этишининг истиқболлари, шунингдек, Ўзбекистонда истиқболли инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун Ўзбекистон банкларига кредит линияларини очиш масалалари муҳокама қилинди.

"Акса Энерджи" компаниясининг бош директори Ж.Казанжи билан бўлиб ўтган учрашувда Тошкент вилоятида умумий қиймати 60 млн долларни ташкил этадиган 240 МВт қувватли иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳаси ва уни амалга оширишни жадаллаштириш чора-тадбирлари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, электроэнергетика соҳасида ишлаб чиқаришга ҳамда меҳмонхона бизнесидаги лойиҳаларни амалга оширишга компанияни жалб қилиш орқали инвестиция ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

"Дженгиз Холдинг" компанияси директорлар Кенгаши раиси М.Дженгиз билан бўлиб ўтган очиқ мулоқот қурилиш, энергетика, фойдали қазилмаларни қазиб олиш соҳалари, авиация ва туризм тармоқлари, шунингдек, суғурта фаолияти соҳасида инвестиция ҳамкорлигининг истиқболларини ҳар томонлама кўриб чиқишга имкон берди.

"Дал Текник Макина" компаниясининг Кузатув Кенгаши раиси Д.Дал билан суҳбат чоғида туркиялик инвесторнинг Ўзбекистондаги юқори технологик лойиҳаларни амалга оширишдаги муваффақиятли тажрибаси таъкидланди.

Маълумот учун: ҳозирги кунга қадар "Дал Текник Макина" компанияси Ангрен ЭИЗ ҳудудида қиймати 17 млн долларлик металлни қайта ишлаш лойиҳасини, шунингдек, Жиззах вилоятида 10 млн долларлик цемент ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширди.

Учрашув давомида ушбу корхоналарнинг жорий операцион фаолияти билан боғлиқ масалалар биргаликда ўрганилди ва уларни қисқа муддатларда ҳал қилиш чораларини ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди.

"Агарта текстиль" тўқимачилик компанияси асосчиси Н.Йилдиз билан музокаралар давомида Ўзбекистонда қўшма корхоналар ташкил этиш орқали инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди, бу эса жаҳон бозорларида барқарор талабга эга бўлган таниқли брендлар остида юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконини беради.

Маълумот учун: "Агарта текстиль" компанияси 1970 йилда ташкил этилган. 1976 йилдан бошлаб компания "Хира текстиль" номи билан фаолият юритиб, Enrico Marinelli, Lacoste, Nautica, Marco Moralli каби дунёдаги энг йирик бренд компаниялари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Туркиянинг 48 та вилоятидаги 120 та франчайзинг қаҳвахонасини ўз ичига олган "Каҳве дияри" компанияси асосчиси Э.Узеген билан учрашув ҳам самарали бўлди. Туркия томони Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этишга тайёрлигини билдирди ва шу муносабат билан бўлажак ўзбекистонлик шериклар билан алоқаларни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

Туркиялик ишбилармонлар билан бўлиб ўтган учрашувлар якунида барқарор ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни таъминлаш ҳамда Ўзбекистон бозорида турк капиталининг мавқеини мустаҳкамлашга йўналтилтирилган келгусидаги амалий чоралар белгилаб олинди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech