Русский Ўзбекча English

Тошкентда Ўзбекистон-Туркманистон Ҳукуматлараро комиссиясининг 16-йиғилиши бўлиб ўтди

Тошкентда Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркманистон Ҳукуматлараро комиссиясининг 16-йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ҳамда Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Э.Оразгелдиев ҳамраислигида бўлиб ўтди.

Йиғилиш кун тартиби инвестициявий, савдо-иқтисодий, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, илмий-техник, транспорт ва транзит, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг кенг кўламли масалаларини қамраб олди.

ҲК ҳамраислари ўз чиқишларида иккала Ҳукуматнинг конструктив, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлашга содиқлигини, шунингдек, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги иқтисодий шерикликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътиборни қайд этдилар.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликдаги ижобий тенденциялар қайд этилди. Айни пайтда Ўзбекистонда туркман капитали иштирокида 160 корхона фаолият кўрсатмоқда ҳамда жорий йилнинг биринчи ярмида икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 20 фоизга ошди.

Томонлар икки мамлакат иқтисодиётининг қиёсий устунликларини ҳисобга олган ҳолда саноат кооперациясини фаол ривожлантириш ва узлуксиз қўшилган қиймат занжирларини шакллантириш зарурлиги тўғрисида якдил фикр билдирдилар. Қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, чарм-пойабзал саноати, маиший техника ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида ишлаб чиқариш объектларини ташкил этиш лойиҳаларини ишлаб чиқишни жадаллаштириш бўйича келишувга эришилди. Саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича аниқ лойиҳаларни ўз ичига олган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга келишилди.

Ўзаро савдони ривожлантириш бўйича навбатдаги саъй-ҳаракатлар режалаштирилди. Жумладан, томонлар икки мамлакат бозорларига ўзбек ва туркман маҳсулотларини барқарор етказиб беришни таъминлаш юзасидан амалий чора-тадбирларни кўришга ҳамда ўзбек-туркман савдо айланмаси ҳажмини яқин келажакда 1 млрд долларга етказишга тайёр эканликларини билдирдилар. Икки мамлакат ташқи савдо идоралари вазирларининг ўринбосарлари даражасидаги қўшма ишчи гуруҳ бу йўналишдаги таклифларни мунтазам равишда ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Шунингдек, яқин келажакда Ўзбекистон-Туркманистон чегараолди савдо зонаси фаолиятини ташкил этиш ва тартибга солиш тўғрисидаги Битим лойиҳасини келишиш ҳам якунига етказилади.

Икки мамлакат ўртасида транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, томонлар транспорт йўлакларини янада ривожлантириш, авиақатновларни босқичма-босқич қайта тиклаш, 2022 йилда ўзаро тариф имтиёзларини тақдим этиш, “Туркманбоши” денгиз порти инфратузилмасидан фойдаланиш истиқболлари ҳамда бошқа ташаббусларни назарда тутувчи қўшма чораларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга келишиб олдилар.

Тадбир давомида учрашув иштирокчилари – икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳам сўзга чиқиб, муайян соҳадаги ҳамкорлик қилишга доир навбатдаги тадбирлар ҳақида ўз қарашларини баён этдилар.

ҲК якунлари бўйича энергетика, нефть ва газ соҳаси, кимё ва автомобиль саноати, қишлоқ ва сув хўжалиги, экология, фан, таълим, спорт ва туризм соҳаларида янада амалий ҳамкорлик қилиш бўйича қатор муҳим келишувларга эришилди.

Йиғилиш якунида тадбир давомида эришилган келишувлар, шунингдек, икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари акс этган Ўзбекистон-Туркманистон ҲК 16-йиғилиши Баённомаси имзоланди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech