Русский Ўзбекча English

Тошкентда Ўзбекистон-Озарбайжон бизнес-форуми бўлиб ўтди

Тошкентда Озарбайжон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи арафасида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Экспорт ва инвестицияларни рағбатлантириш агентлиги билан ҳамкорликда ташкил қилинган Ўзбекистон-Озарбайжон бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ҳамда Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг йирик компанияларининг 100 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Тадбирни очар экан, делегациялар раҳбарлари - Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков ҳамда Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов икки мамлакат ҳукуматлари томонидан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва биринчи навбатда, Ўзбекистон ва Озарбайжон ишбилармон доиралари ўртасида мустаҳкам тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишга содиқлигини билдирдилар.

Инвестициялар, саноат ва савдо соҳасида эришилган ютуқларни таъкидлаб, икки мамлакат иқтисодиётларининг ишга солинмаган салоҳияти ҳамда нефть-кимё, кимё, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика, заргарлик, автомобилсозлик ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мавжуд шарт-шароитлар қайд этилди.

Икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг изчил диверсификация қилиниши ўзбек ва озарбайжон ишлаб чиқарувчиларига янги қиймат занжирларини яратиш ва биргаликда учинчи мамлакатлар бозорларига чиқиш имконини бериши таъкидланди.

Шунингдек, икки мамлакат ҳудудлари орқали ўзаро ва транзит юк ташишни кўпайтиришни рағбатлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар жорий қилиниши эълон қилинди Бу, ўз навбатида, транспорт ва логистика соҳасида Ўзбекистон-Озарбайжон ҳамкорлигини чуқурлаштиради.

Учрашув якунида делегациялар раҳбарлари ўзаро манфаатли шерикликнинг аниқ йўналишларини ишлаб чиқиш ва қатъий келишувларга эришишни назарда тутган ҳолда Форум иштирокчиларига натижадор ва муваффақиятли иш олиб боришни тиладилар.

Тадбир дастури доирасида “B2B” ва “G2B” тарзида ҳам панель мунозаралари бўлиб ўтди, унда ўзбек ва озарбайжон бизнес вакиллари аниқ лойиҳа таклифлари асосида бизнес ҳамкорлик истиқболларини батафсил муҳокама қилиш имкониятига эга бўлдилар.

Форум якунлари бўйича умумий қиймати 500 миллион доллардан ортиқ қўшма лойиҳалар ва савдо шартномаларини амалга ошириш бўйича қатор битимлар, шунингдек, икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида амалий ҳамкорлик тўғрисида 10 та келишув имзоланди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech