Русский Ўзбекча English

Тошкентда БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун Махсус дастури (SPECA)нинг Иқтисодий форуми ва Бошқарув кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 17-19 ноябрь кунлари Тошкентда “Пандемиядан сўнг яшил ва инклюзив иқтисодиётни ривожлантириш учун барқарор транспорт ва савдо тизимлари” мавзусида БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиёти бўйича Махсус дастури (SPECA)нинг Иқтисодий форуми ҳамда мазкур Дастурнинг Бошқарув кенгашининг Ўн олтинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

SPECA 2021 Форуми минтақада барқарор савдо ва транспортни ривожлантириш ва уларнинг иқтисодиётнинг экологик жиҳатдан хавфсизлиги, циркулярлиги ва инклюзивлигини оширишга ҳисса қўшишига бағишланган. Тадбирнинг мақсади муайян мақсадларга эришиш, минтақавий ташаббус ва стратегияларни қабул қилиш ҳамда уларни рўёбга чиқариш бўйича аниқ амалий ҳаракатларни белгилаш учун кўп томонлама мулоқотни фаоллаштиришдан иборат.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарияти, БМТ Европа иқтисодий комиссияси Ижрочи котиби ўринбосари Д.Марьясин, SPECAга аъзо мамлакатлар - Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон делегациялари, БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия минтақавий маркази (ПДММ) вакиллари, Европа Иттифоқи (ЕИ), Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ), Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ), шунингдек, бошқа давлатлар ва ташкилотлар вакиллари ва экспертлари иштирок этди.

Форумнинг ялпи мажлисини очар экан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, БМТ Бош котибининг ўринбосари ва БМТТД Ижрочи котиби О.Алгаерова шунингдек, БМТ Бош котибининг ўринбосари ва БМТнинг Осиё ва Тинч океани бўйича Иқтисодий ва ижтимоий комиссиясининг Ижрочи котиби А.Алишахбана иштирокчиларга видеомурожаатлар йўлладилар.

Ўзбекистон томони SPECA ҳудудининг мамлакатлари билан иқтисодий ҳамкорликнинг ижобий динамикасини қайд этди. Жумладан, сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон ва SPECAга аъзо мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси икки баробарга ошди ва 5 млрд долларга етди, SPECAга аъзо мамлакатлар капитали иштирокидаги янги корхоналар сони эса 2017 йилдан бошлаб 5 баробар ўсди ва 1983 тага етди.

Ўзбекистонда иқтисодиётни эркинлаштириш, инвестицияларни жалб қилиш учун қулай муҳит яратиш, инвесторлар ва хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмларини мустаҳкамлаш, ҳамкор давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар алоҳида таъкидланди.

Тадбир давомида устувор вазифалар белгиланди. Хусусан, SPECAга аъзо мамлакатлар иқтисодиётларининг рақобатдош устунликларини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда мавжуд савдо тўсиқларни бартараф этиш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва электрон тижоратни ривожлантириш ҳисобига умумий бозори 127 млн кишидан ортиқ бўлган SPECA ҳудудидаги мамлакатлари ўртасида умумий савдо айланмасини 2025 йилга бориб камида икки баробарга ошириш лозимлиги ҳақида сўз борди.

Ўзбекистон томони бир қатор таклифларни илгари сурди. Жумладан, мамлакатда 2022 йилда инвестициявий ва молиявий ҳамкорлик бўйича SPECA Ишчи гуруҳининг биринчи йиғилишини ўтказиш ҳамда кейинчалик ушбу платформани минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида такомиллаштириш ғоялари илгари сурилди. Бундан ташқари, трансчегаравий иқтисодий ва экологик ҳамкорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун SPECA Жамғармасини шакллантириш ташаббуси устида ишлаш ва аъзо мамлакатларда SPECAнинг самарали фаолиятини ташкил этиш учун Ташкилот Котибиятини ташкил этиш таклиф этилди.

Тадбирда Ўзбекистон саноат кооперациясини чуқурлаштириш, саноат ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича қўшма дастур қабул қилиш, ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш, қайта тикланадиган ва водород энергетикасини ривожлантириш дастурини илгари суриш, йирик логистика инфратузилмаси лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш, ягона тарифлар ва кўп томонлама транспорт преференцияларини жорий этиш орқали минтақада транспорт ва транзит салоҳиятини юксалтириш орқали муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдорлиги қайд этилди.

Тадбир давомида “SPECA ҳудудида барқарор савдо муносабатлари”, “SPECA мамлакатларида барқарор транспорт, савдо ва туризмга доир циркуляр иқтисодиёт тамойилларини қўллаш”, “Барқарор ривожланиш мақсадларида инвестицияларни молиялаштиришнинг инновацион механизмлари ва воситалари”, “Барқарор ривожланиш учун аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш: SPECA минтақаси учун COVID-19 пандемияси ва ундан кейинги даврда сиёсий муаммолар”, “Диққат марказида Ўзбекистон: Ўзбекистон ва унинг минтақавий ҳамкорликдаги ўрнига мўлжалланган тадқиқот ва лойиҳалар тақдимотларини ташкил этиш” мавзуларида панель сессиялари ўтказилди.

Иқтисодий Форум якунида пандемиядан кейинги даврда экологик тоза, циркуляр ва инклюзив иқтисодиётни тиклаш учун SPECA ҳудудида транспорт, савдо барқарорлигини ва ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича Тошкент баёноти қабул қилинди.

Шунингдек, SPECA ҳудудининг иқтисодий жиҳатдан ўзаро боғлиқлигини кенгайтириш, уни барқарор транспорт тизимининг маркази сифатида шаклланиши учун шарт-шароитлар яратиш, ички савдо тартиботларини янада соддалаштириш, Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришишни жадаллаштириш ҳамда минтақада барқарор иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш учун нормалар, стандартлар ва воситалардан самарали фойдаланишга доир тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тошкент шаҳрида ўтказилган 2021 йилдаги SPECA кунларининг якуний тадбири сифатида ушбу Дастур Бошқарув кенгашининг ўн олтинчи сессияси бўлиб ўтди. Йиғилиш якунлари бўйича 2022-2023 йиллар учун SPECA Иш режаси, сув, энергетика ресурслари ва атроф-муҳит, барқарор транспорт, транзит, савдо, инновация ва технологиялар, гендер ва БРМ бўйича SPECA Ишчи гуруҳларининг ҳисоботлари қабул қилинди.

Бошқарув кенгаши шунингдек, Дастур кун тартибининг асосий йўналишларини, шу жумладан, Жамғарма ва SPECA Котибиятини ташкил этишни ўз ичига олган ўндан ортиқ муҳим қарорлар қабул қилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech