Русский Ўзбекча English

Тошкент шаҳридаги корхоналарнинг хўжалик фаолиятини оптималлаштириш механизмлари кўриб чиқилди

Жорий йилнинг 17 март куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида видеоконференция шаклида Тошкент шаҳридаги саноат корхоналари фаолиятини жадаллаштириш, уларнинг хўжалик фаолиятини оптималлаштириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чоралари муҳокама қилинди.

Йиғилиш давомида инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосарлари бошчилигида ишчи гуруҳлар тузилиб, улар таркибига тижорат банклари раҳбарлари, Тошкент шаҳри туманлари ҳокимлари ва Давлат активларини бошқариш агентлиги вакиллари киритилди. Ишчи гуруҳлар Тошкент шаҳрининг барча туманларига бириктирилган бўлиб, улар бир ҳафта давомида 1000 дан ортиқ корхоналарни ўрганади ва корхоналар самарадорлигини ошириш бўйича манзилли чора-тадбирларни ишлаб чиқишади.

Давлат улуши бўлган корхоналарнинг бизнес-жараёнларини қайта кўриб чиқиш орқали улар фаолиятини тизимли оптималлаштириш чораларини ишлаб чиқиш мақсадида уларнинг жорий фаолияти ҳар томонлама таҳлил қилинади.

Шу муносабат билан белгиланган даврда аниқ мақсадларга эришишни таъминлаш учун ушбу корхоналар бошқарувига ихтисослашган хорижий компанияларни жалб қилиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Хусусий сектор корхоналарига алоҳида эътибор қаратилди – уларда мавжуд муаммолар, жумладан, қўшимча молиялаштиришга бўлган эҳтиёжи, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш имкониятлари аниқланади. Шунингдек, Тошкент шаҳар туманларининг мавжуд саноат салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари ҳам ўрганиб чиқилади.

Ўрганилган ҳар бир корхона учун ишлаб чиқаришни кенгайтиришнинг янги заҳираларини аниқлаш, модернизация қилиш, экспорт салоҳиятини ортириш ва янги иш ўринлари яратиш орқали ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича алоҳида ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилади.

Мавжуд вазиятни чуқур ўрганиш ва ҳар бир алоҳида корхонанинг инвестиция ва экспорт салоҳиятини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни аниқлаш мақсадида мазкур ишлар Тадбиркорлар билан бевосита жойларга чиққан ҳолда амалга оширилади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech