Русский Ўзбекча English

Тараққиётнинг чегараси бўлмайди

Бугунги кунда ишлаб чиқариш ва экспортни диверсификация қилмасдан туриб, барқарор иқтисодий ўсишга эришиш мумкин эмас. Рақобатбардош устунликларни амалга ошириб, миллий чегараларни янада кенгайтирар экан, экспорт янги бозорлар учун ишлаб чиқаришни кенгайтиришни рағбатлантиради ва шу аснода қўшимча фойда келтириш, миллий даромадларни ошириш манбаига айланади. Шу боис, сўнгги йилларда давлатимиз томонидан экспортни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқдаки, улар ташқи иқтисодий фаолиятга давлатнинг кўмаги тизимида асосий масалалардир.

Тайёр маҳсулотлар экспортини қўллаб-қувватловчи давлат муассасаларидан бири – бу Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги бўлиб, у маҳаллий экспортчиларга молиявий ва номолиявий йўналишларда кенг қамровли имкониятларни тақдим этади. Асосий мақсад — жаҳон бозорида маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда мавжуд экспорт тўсиқларини ҳал қилиш.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ва 2020 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан экспорт қилувчи ташкилотларга молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорларига асосан ушбу идора экспортни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади ва  маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ахборот ва молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.

Агентлик 75 та экспорт қилувчи компанияга хорижий харидорлар топишда амалий ёрдам кўрсатди. Бундан ташқари, 37 та маҳаллий экспорт қилувчи корхонага халқаро стандартлар ва сертификатлар олиш ҳамда жорий этишда молиявий кўмак берилди. Маҳаллий маҳсулотлар ҳамда брендларни ташқи бозорга чиқариш учун маркетинг масалаларини ҳал қилишга қаратилган чора-тадбирлар доирасида 11 та экспорт қилувчи ташкилотга хорижда реклама кампанияларини ўтказишда кўмаклашиш дастури амалга оширилди. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспорт қилишда уларни ташиш харажатларини қоплашга кўмаклашишда 215 маҳаллий компанияга ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, COVID-19 коронавирусининг тарқалиши оқибатида юзага келган вазият сабаб “Made in Uzbekistan” онлайн кўргазмалари доирасида хорижий ҳамкорлар билан В2В ишбилармонлик учрашувлари ташкил этилмоқда. Хусусан, 2020 йилда Озарбайжон (кўп тармоқли ва тўқимачилик соҳасида) ва Қозоғистон каби мамлакатлар билан онлайн кўргазмалар муваффақиятли ўтказилди. Шу ой охирида Туркия билан онлайн кўргазма ташкил этиш режалаштирилган. Биргина 2021 йилнинг биринчи чорагида Агентлик 58 та маҳаллий экспортчига халқаро кўргазмаларда қатнашишда молиявий кўмак кўрсатди.

Бундан ташқари, Агентлик томонидан экспорт қилувчилар суғурта хизматларидан гаров сифатида фойдаланганда суғурта мукофотларини тўлаш харажатларини қоплаш бўйича ишлар бошланган. Ҳозирги вақтда тегишли хизматларни кўрсатувчи 28 та суғурта компанияси билан бош битимлар имзоланган бўлиб, 44 та экспорт қилувчининг суғурта хизматларидан гаров сифатида фойдаланишда суғурта мукофотлари қоплаб берилди. 90 корхонага экспорт савдо операциялари ва экспортдан олдинги кредитлар учун маблағлар ажратилди.

Агентлик 2901 та корхонага сертификатлар олиш, шу жумладан 1560 та — фитосанитария; 1338 та — маҳсулотнинг келиб чиқиши бўйича сертификат; 3 та компанияга мувофиқлик сертификатлари олиш харажатларини қоплаш учун молиявий ёрдам кўрсатди.

Шуни қайд этишни истардимки, Агентлик фаолиятининг йўналишлари замон талаблари, қўйилган мақсадлар, маҳаллий компанияларнинг имкониятлари ва истакларига мувофиқ доимий равишда тўлдирилиб, ​​кенгайиб бормоқда. Биргина мисол, 2021 йил 30 мартда имзоланган Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида экспортни молиявий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, хорижда савдо уйларини очиш ва техник хизмат кўрсатиш, офис, чакана савдо ва омборхона биноларини ижарага олиш, шунингдек, реклама кампанияларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаб бериш ҳам Агентлик ваколатига киритилди. Ушбу йўналишда бир қатор ташкилий масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этиш мақсадида бир қатор мамлакатлар ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ишлари бошлаб юборилган.

Умуман олганда, Агентликка юклатилган вазифалар товарлар ва хизматлар экспорти ҳажмини кескин ошириш, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар турини кенгайтириш, ташқи савдода мувозанатни сақлаш ва валюта тушумини оширишга қаратилган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятда ўз овозига эга мамлакат, фаол ва ҳар томонлама ривожланаётган давлатга айланди. Дунёнинг саноати ривожланган етакчи мамлакатлари билан сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий алоқалар ўрнатилди. Икки томонлама ва кўп томонлама ўзаро манфаатли алоқалар ривожланиб бормоқда.

Бундай шароитда мамлакатнинг ташқи иқтисодий экспорт салоҳиятида, юқоридаги чора-тадбирлар ва эришилган натижалардан кўриниб турибдики, тарихий сакраш рўй бермоқда. Бу эса тараққиёт ҳеч қачон чегара билмаслигини яққол акс эттиради.

Азиз Воитов,

инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech