Русский Ўзбекча English

Стандартлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ислоҳотлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш йўлида навбатдаги қадамдир

7 июнь куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори, шунингдек, ушбу ҳужжатлар қабул қилиниши муносабати билан мамлакатда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида кутилаётган ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини очиб беришга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Б.Абидов, ИТСВ ҳузуридаги Ўзбекистон техник тартибга солиш агентлиги Бош директори Д.Саттаров, тадбиркорлар ва экспортчилар, шунингдек, идора экспертлари ва мутахассислари иштирок этди.

Ўзбекистон иқтисодиётининг рақобатбардошлиги ва экспорт салоҳиятини ошириш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири бўлганлиги сабабли 2020 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ялпи ҳажми 2019 йилга нисбатан 13 фоизга ошиб, 367 трлн сўмга етганлиги қайд этилди.

Бундай шароитларда ҳамда Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши юзасидан музокаралар фаол босқичида эканлигини ва Европа Иттифоқи “GSP+” преференциялар бош тизими бенефициар мақомига эга бўлганлигини ҳисобга олган ҳолда, техник регламентларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳамда уларни умум эътироф этилган халқаро техник қоидалар билан уйғунлаштириш орқали ички ва ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш долзарб вазифа бўлиб ҳисобланади.

Техник жиҳатдан тартибга солиш тизимининг халқаро талабларга мослашуви Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ), Европа Иттифоқи (ЕИ), Евроосиё иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) ҳамда бошқа давлатлар билан ҳамкорлиги жараёнида алоҳида ўрин тутиб, мамлакатлараро ишлаб чиқариш ва технологик алоқаларни кенгайтириш ҳамда ўзаро савдо тўсиқларни олиб ташлаш учун қулай шароит яратади.

Тақдимотлар давомида сўзга чиққанлар стандартлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги асосий ўзгаришлар ва янгиликлар, хусусан, “Ўзстандарт” Агентлиги негизида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ташкил этилиши ҳақида сўз юритдилар. Агентликнинг вазифалари техник жиҳатдан тартибга солиш ва метрология соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳаларида таркибий ислоҳотлар ва ўзгаришларни чуқурлаштириш ҳамда миллий сифат инфратузилмасини такомиллаштиришдан иборат бўлади.

Ушбу мақсадларга эришиш учун 10 та йўналиш бўйича 23 та амалий чора-тадбирлардан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланган. Тадбир давомида ҳужжат йўналишлари ҳамда уларни амалга ошириш муддатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, жорий этилган янги тартибга мувофиқ, тадбиркорлар ва экспортчиларга тақдим этилаётган имтиёзлардан амалда фойдаланиш меҳанизмлари ҳам атрофлича тушунтирилди.

Очиқ мунозара тарзида ўтган тадбир давомида иштирокчилар журналистлар, тадбиркорлар ва экспортчиларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб бердилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech