Русский Ўзбекча English

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой кичик қўмитасининг Еттинчи йиғилиши бўлиб ўтди

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида видеоконференция шаклида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой Кичик қўмитасининг Еттинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Воитов, ИТСВ ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, Хитой томонидан эса Хитой Халқ Республикаси тижорат вазирининг ўринбосари Ю.Цзянхуа, ХХР тармоқ вазирликлари, идоралар ва молиявий ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда Кичик қўмита Ўзбекистон-Хитой Ҳукуматлараро ҳамкорлик Қўмитасининг бўлажак анжуманига тайёргарлик кўриш жараёнида асосий механизм вазифасини бажараётгани алоҳида таъкидланди.

Томонлар ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва савдо қилиш нуқтаи назаридан боғлиқлигини ривожлантириш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар.

Тадбирда икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жорий ҳолати, ўзаро савдони ривожлантиришнинг долзарб масалалари, хусусан, Ўзбекистон делегациясининг “China International Import Expo” кўргазмасида иштирок этиши, Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилишига кўмаклашиш, транспорт орқали етказиб бериш ва логистикани ривожлантириш истиқболлари, жумладан, Хитойга блок-етказиб бериш шаклида ўзбек маҳсулотларини экспорт қилиш амалиётини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, томонлар икки мамлакат ҳудудлари ўртасида инвестициявий, техник-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва алоқаларни чуқурлаштириш имкониятларини кўриб чиқдилар.

Бундан ташқари, иштирокчилар Ўзбекистон-Хитой Ҳукуматлараро ҳамкорлик Қўмитаси йиғилишида имзолаш учун тақдим этилган ҳужжатларни, жумладан, Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукуматлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни 5 йиллик ривожланиш дастурини ўрганиб чиқдилар.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон-Хитой Ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитасининг бўлажак йиғилишига тайёргарлик кўриш доирасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликнинг долзарб масалалари устида иш олиб боришни давом эттиришга келишиб олдилар.

Маълумот учун: жорий йилнинг биринчи ярмида Давлат ва ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида ўзлаштирилган Хитой инвестициялари ҳажми 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 25% ўсиб, 1 миллиард доллардан ошди.

2021 йилнинг январь – июль ойлари якунларига кўра, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 21,6 млрд долларни ташкил этди, унда Хитой 4 млрд долларлик улуши билан (умумий ҳажмнинг 18,7%) биринчи ўринни эгаллайди. 2020 йилнинг тегишли даврига нисбатан, Хитой билан савдо айланмаси 16,9% ёки 581,2 миллион долларга ошди.

Шу билан бирга, Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик экспорт бозоридир. Жорий йилнинг январь – июль ойларида Хитойга товар ва хизматлар экспорти 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 287,6 млн долларга (+28,6%) ўсди ва Ўзбекистон умумий экспорт ҳажмининг 1,3 млрд ёки 15,9%ни ташкил этди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech