Русский Ўзбекча English

Саудия Арабистони билан ҳамкорликнинг бориши муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 12 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Саудия Арабистони Подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал – Фалиҳ билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди.

Музокаралар чоғида инвестициявий, энергетика, молиявий-техник соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар “АCWА Power” компанияси томонидан Сирдарё ва Бухоро вилоятларида энергетика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг боришини ижобий баҳолаб, ушбу лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришни жадаллаштириш бўйича амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришга содиқликларини билдирдилар. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам янги истиқболли лойиҳаларни ўрганиш орқали ушбу соҳадаги шерикликни мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди.

Саудия Арабистони томонининг Ўзбекистон билан енгил саноат, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, инфратузилмани ривожлантириш ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги қизиқиши алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, молиявий-техник йўналишида, жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим, фан ва инновация, қишлоқ ва сув хўжалиги, уй-жой ва транспорт инфратузилмаси каби соҳаларда ҳамкорлик учун салмоқли салоҳият мавжудлиги қайд этилди.

Мулоқот чоғида томонлар жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Ар-Риёд шаҳри (Саудия Арабистони)да Ҳукуматлараро комиссиянинг 4-йиғилишини ташкил этиш масалалари юзасидан келишиб олдилар.

Музокаралар якунида қўшма лойиҳа ва ташаббуслар ижросини тизимли назорат қилиш мақсадида ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттириш ва видеоконференцалоқа шаклида мунтазам учрашувлар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech