Русский Ўзбекча English

Самарқанд вилоятида инвестиция, саноат ва экспорт фаолиятини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди

Жорий йилнинг 11 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигида ҳамда вазирликлар, идоралар, саноат бирлашмалари, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларидан иборат экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси Самарқанд вилоятининг салоҳиятини ўрганиш ва ҳудудда саноат ҳамда инвестициявий фаолиятни кучайтириш учун қўшимча заҳираларни аниқлаш бўйича олиб борилган ишлар якунларини сарҳисоб қилди.

8 - 11 сентябрь кунлари жойларга чиққан ҳолда Комиссия аъзолари томонидан 6259 та саноат объектларининг жорий ҳолати ўрганилди ва натижада 509 та ҳозирги вақтда фойдаланишга топширилмаган, ишлаб чиқариш ҳажми ёки бюджетга солиқ тушумларини камайтирган, тўлиқ қувват билан ишламаётган ёки фаолиятини умуман тўхтатган корхоналар аниқланди.

Олиб борилган таҳлиллар, шунингдек 457 та корхона айланма маблағларни тўлдириш ва зарур технологик ускуналарни сотиб олиш учун кредит ресурсларига муҳтожлигини, 107 та корхона илгари олинган кредитларни таркибий ўзгартириш билан боғлиқ муаммоларга дуч келганлигини, 16 та корхона илгари тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаларини қайтариш билан боғлиқ қийинчиликларга учрагани, 53 та корхона катта дебиторлик қарзларига эга эканлигини, 153 та корхона муҳандислик коммуникацияларига уланмаганлигини ва 77 та корхона ишлаб чиқариш учун хом ашё билан таъминланмаганлигини кўрсатди. Бундан ташқари, ер, бўш бино ва иншоотларни ажратиш, зарур рухсатномалар, лицензия ва халқаро сертификатлар олиш, технологик ускуналарни олиб келиш ва саноат объектларини ишга тушириш-созлаш ва фойдаланишга топшириш учун хорижий мутахассисларнинг Ўзбекистонга етиб келишлари билан боғлиқ муаммолар аниқланди.

Тегишли вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликларнинг бу борадаги фаолиятларини мувофиқлаштириш асосида аниқ чора-тадбирлар, ижрочилар ва муддатлар белгиланган ҳамда ҳар бир корхонага масъул раҳбарлар тайинлангани ҳолда ишламай турган саноат объектларини қайта ишга тушириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси тузилди.

Ишлаб чиқариш, экспорт ва яратиладиган иш ўринлари сони кўп бўлган юқори технологияли корхоналарни ташкил этишга қаратилган устувор лойиҳаларга, шунингдек жорий йил охиригача ишга туширилиши мумкин бўлган лойиҳаларга устуворлик бериш мақсадида 16,7 трлн сўмлик 1277 лойиҳадан иборат амалдаги ҳудудий инвестиция дастури таҳлил қилинди ва оптималлаштирилди.

Соҳалар доирасида ва соҳалараро кооперациясини ривожлантириш имкониятларини ўрганиш бўйича ишлар амалга оширилди: хом ашё базаси, маҳаллий инфратузилма ва мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини таҳлил қилиш орқали тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, электротехника ва қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳасида 42 та саноат кластерини яратиш бўйича 57 та лойиҳа ишлаб чиқилди. Жумладан, Самарқанд шаҳри, Оқдарё, Пастдарғом, Пахтачи, Нарпай ва Ургут туманларида 9 та тўқимачилик кластерлари, Жомбой, Самарқанд, Оқдарё, Иштихон, Булунғур, Пайариқ туманларида ва Самарқанд шаҳрида озиқ-овқат саноати ва мева-сабзавотни қайта ишлаш соҳасида 16 та кластерлар яратилиши режалаштирилган.

Маҳсулот сифатининг юқори даражада бўлиши ва унинг халқаро стандартлар талабларига мувофиқлигини таъминлаш мақсадида “Ўзстандарт” Агентлиги қатор синов лабораторияларини ишга тушириб, мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларини ташкил этади.

Ички ва ташқи бозорда юқори технологияли харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қаратилган инвестициявий фаолиятни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Комиссия аъзолари вилоятда импорт таркибини батафсил ўрганиб чиқиб, мавжуд маҳаллийлаштириш дастурига қўшимча равишда фармацевтика, металл ва металл буюмлар, автомобиллар учун бутловчи қисмлар, технологик ускуналар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қаратилган 13 та янги лойиҳа ишлаб чиқди.

“Ургут” эркин иқтисодий зонаси ва 17 кичик саноат зоналари фаолияти алоҳида ўрганилди. Ҳозирги кунга келиб “Ургут” ЭИЗ ҳудудида умумий қиймати 272 млн долларга тенг бўлган 49 та лойиҳа амалга оширилди ва 3,3 мингта иш ўрни яратилди. 2020-2021 йиллар мобайнида 2,4 минг иш ўрни яратилиши билан 178,4 млн долларлик 24 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. “Ургут” СЕЗ субъектларини зарур муҳандислик коммуникациялари билан таъминлаш мақсадида жорий йил охиригача 28,7 млрд сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Жорий йилда Самарқанд вилоятининг 17 та кичик саноат зонаси ҳудудида умумий қиймати 453,4 млрд сўмлик 57 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган ва бу 2 мингга яқин янги иш ўринлари яратишга имкон беради. Фаолият юритаётган ва янги ташкил этилаётган кичик саноат зоналари инфратузилмасини мустаҳкамлаш мақсадида 45,1 млрд сўм маблағ ажратилади.

Ички бозорда юқори талабга эга бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга қаратилган корхоналарга устуворлик берилгани ҳолда лойиҳаларни танлаш бўйича мутлақо янги тизимни жорий этиш вилоятдаги эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга мўлжалланган муҳим механизм ҳисобланади, бу эса импортга қарамликни камайтиришдан ташқари, тўлиқ ишлаб чиқариш занжирларини ташкил этиш ва ички маҳсулотларнинг қўшимча қийматини ошириш имконини беради.

Ҳукумат комиссияси фаолияти давомида ишлаб чиқилган амалий чора-тадбирлар комплексининг амалга оширилиши натижасида жорий йилнинг охиригача Самарқанд вилоятида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2,2 трлн сўмга етказилиб, 10,8 мингта қўшимча иш ўрни яратилади. Шу билан бирга, жорий йил охиригача саноат корхоналарининг солиққа ажратмаларининг ҳажми 825 млрд сўм миқдорида бўлиши кутилмоқда ва бу тасдиқланган прогноз кўрсаткичларининг 149,3% ни ташкил этади.

Бош прокуратура ишлаб чиқилган амалий чора-тадбирларнинг бажарилишини доимий равишда назорат қилиб бориши билан бирга, уларнинг ижроси Ҳукумат комиссиясининг ойлик йиғилишларида кўриб чиқилади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech