Русский Ўзбекча English

“Rothschild & Cо” Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирмоқда

Жорий йилнинг 3 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков билан «Rothschild & Co» компаниясининг бошқарувчи директори, Кузатув кенгашининг аъзоси Ариэль де Ротшильд ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Конструктив мулоқот чоғида хорижий томон мамлакат ҳукумати томонидан бозор иқтисодиёти билан очиқ давлат шакллантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва хусусий мулк институтини мустаҳкамлаш борасида эришилган муҳим ютуқларни қайд этди.

Хорижий делегация раҳбари компаниянинг янги йўналишлар учун очиқ, илғор ва истиқболли давлат сифатида Ўзбекистонга қизиқишини таъкидлади. Шу муносабат билан томонлар қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни амалга ошириш учун ҳаракатларни фаоллаштириш зарурлигини қайд этдилар.

Хусусан, “Rothschild & Co” компаниясининг Буюк Британия, АҚШ ва ЕИнинг етакчи хорижий инвестор-компанияларини саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга оширишга, шунингдек, Ўзбекистондаги давлат активларини хусусийлаштиришга ва мамлакатнинг банк-молия сектори жозибадорлигини биргаликда оширишга жалб қилишдаги иштирокининг истиқболлари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида ҳамкорлик қилиш истиқболларини биргаликда ўрганиш ва инвестициялар соҳасида ўзаро манфаатли шериклик механизмларини ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди.

Маълумот учун: “Rothschild & Cо” Ротшильд оиласининг Франция ва Англиядаги авлодлари томонидан назорат қилинадиган молиявий-холдинг компаниясидир. Дастлаб “Paris Orléans SCA” деб номланган “Rothschild & Cо” Ротшильд банк гуруҳи етакчиси ҳисобланади ва “Rothschild Group”, “N.M. Rothschild & Sons”, “Rothschild & Cie Banque” назорат қилади. Ротшильдлар банк гуруҳи фаолиятининг доираси инвестиция ва банк хизматларини, корпоратив банк хизматларини, хусусий капитал қўйилмаларини, активларни бошқариш ва хусусий банклар бошқарувини қамраб олади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech