Русский Ўзбекча English

Россия ва Ўзбекистон 2022-2026 йилларга мўлжалланган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича комплекс дастурини имзоладилар

Россия ва Ўзбекистон икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича комплекс дастурини имзоладилар. Ҳужжатга Москвада бўлиб ўтган Россия - Ўзбекистон иккинчи Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида Ҳукуматлараро комиссия ҳамраислари – Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков имзо қўйди.

Дастур амалдаги шартнома ўрнига қабул қилинмоқда. Янги ҳужжат пандемиядан кейинги даврда электрон тижорат, иқтисодиётни рақамлаштириш, энергия ва сувни тежайдиган янги технологиялар каби самарали воситалардан фойдаланиш, шунингдек, миграция соҳасидаги ёндашувларни такомиллаштириш орқали иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини ҳисобга олади.

Бундан ташқари, Россия ва Ўзбекистон COVID-19га қарши курашиш бўйича амалий чора-тадбирларни кўриш, вакцина ишлаб чиқариш, коронавирусга чалиниш ҳолатларини олдини олиш, беморларни ташхислаш ҳамда даволаш борасида тажриба ва ахборот алмашиш ниятларини билдирдилар.

Дастур билан савдо, саноат кооперацияси, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, алоқа, молия, фан ва таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, туризм, ҳудудлараро ҳамкорлик каби барча анъанавий соҳалар қамраб олинган. Асосий мақсад ўзаро манфаатларга асосланган савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва диверсификация қилиш, Россия ва Ўзбекистон фуқароларининг турмуш даражасини яхшилашдан иборатдир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз сифат жиҳатидан юқори даражага кўтарилди. Жумладан, савдо айланмаси ва лойиҳалар сони изчил ўсиб бормоқда, ишбилармонлар ва ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик жадаллашмоқда. Шу билан бирга, мавжуд иқтисодий механизмларни сезиларли даражада ўзгартирган янги муаммолар пайдо бўлди. Рақамлаштириш ва технологиялар жорий этилаётганлиги сабабли янги имкониятлар ҳам юзага келмоқда. Бу барча соҳаларда ҳамкорлигимизнинг стратегик йўналишларини белгилаб берувчи асосий ҳужжатни янгилашни талаб қилди, - дея таъкидлади Максим Решетников. Биз икки томонлама савдони ривожлантириш, шунингдек, келгусида учинчи мамлакатлар бозорларига кириб бориш мақсадида кооперация занжирларини ва қўшма ишлаб чиқаришларни яратишда юксак салоҳиятни кўраяпмиз”, - дея қўшимча қилди у.

Икки томонлама ҳамкорлик доирасидаги навбатдаги тадбирлар ҳақида гапирар экан, Сардор Умурзаков “Дастурни имзолаш орқали биз ўзимиз учун савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-гуманитар, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгиладик. Эндиликда устувор вазифамиз Дастурни сифатли ва ўз вақтида амалга оширишдир. Бунинг учун яқин келажакда қўшма лойиҳалар рўйхатини ўз ичига олган ҳамда ҳар бир йўналиш бўйича аниқ натижалар, ижро этиш муддатлари ва ҳар икки томоннинг масъул ижрочилари кўрсатилган Амалий тадбирлар режаси ишлаб чиқилади. Ушбу қадам бизнинг биргаликдаги фаолиятимиз тизимли характерга эга бўлиб, аниқ натижаларга қаратилганлигини билдиради. Дастур узоқ муддатли истиқболга мўлжаллангани ҳамда кенг кўламли вазифаларни белгилаб бергани ҳам муҳимдир. Биз уларни ҳаётга татбиқ этишни бугунги куннинг ўзида бошлаймиз”, - дея таъкидлади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech