Русский Ўзбекча English

РФ билан темир йўл транспорти соҳасида ҳамкорлик йўналишлари кўриб чиқилди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков “Россия темир йўллари” ОАЖ бошқаруви раиси – бош директори Олег Белозеров бошчилигидаги Россия делегациясини қабул қилди.

Учрашув чоғида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида транспорт ва логистика ҳамкорлиги масалалари ҳамда транспорт инфратузилмасини қуриш бўйича йирик лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Россия компанияси раҳбари “Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўлини қўриш лойиҳасини амалга оширишда иштирок этишга тайёрлигини маълум қилди ҳамда минтақа мамлакатларининг иқтисодий ривожланиши ва қатор мамлакатларнинг транзит салоҳиятини юксалтириш учун ушбу лойиҳанинг аҳамиятини қайд этди. Минтақада транспорт коммуникацияларининг янги архитектурасини шакллантирувчи ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Шарқий ва Жанубий Осиёдан МДҲ ва Европага ҳамда тескари йўналишда юк ташишнинг вақт ва харажат параметрларини 30 фоизга камайтириши таъкидланди.

Лойиҳани техник-иқтисодий асослашни ва уни молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқишга техник ёрдам кўрсатиш учун ушбу соҳада илғор тажриба ва технологияларга эга бўлган Россиянинг ихтисослаштирилган лойиҳа институтларини жалб этишга келишилди.

Темир йўлни қуриш ва ишга тушириш ҳақида келишиб олиб, томонлар ундан келгусида фойдаланишнинг амалий жиҳатларига тўхталиб ўтдилар. Жумладан, Афғонистон темир йўл саноати учун кадрлар тайёрлаш дастурини биргаликда ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Мулоқот доирасида транспорт соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг умумий масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, юк ташиш шартларини қайта кўриб чиқиш ва оптималлаштириш орқали икки давлатни боғловчи темир йўл йўлакларининг юк билан бандлигини ошириш мақсадида ҳамкорлик қилиш учун кейинги тадбирлар белгиланди. Бу, ўз навбатида, ишлаб чиқарувчилар ва логистика компаниялари учун вақт ва моддий харажатларни камайтиради ҳамда икки мамлакатнинг транзит салоҳиятини ошириш имконини беради.

Россия бозорига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мунтазам етказиб беришни йўлга қўйиш мақсадида ўзбек ва россиялик тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни шакллантириш орқали ўзаро юк ташиш ҳажмини кўпайтириш бўйича ҳам қўшма чора-тадбирлар амалга оширилади.

Эпидемиологик вазият ўз изига тушгани билан Ўзбекистон ва Россия ўртасида мунтазам йўловчи темир йўл қатновини босқичма-босқич қайта тиклашга биргаликда тайёргарлик кўриш борасида ҳам келишувга эришилди.

Россия делегацияси раҳбари Россия ҳудудида темир йўл инфратузилмаси объектларини қуриш учун Ўзбекистондан малакали кадрларни жалб этишни назарда тутиб, меҳнат миграцияси соҳасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари ҳақида фикр юритди.

Шу муносабат билан, учрашув якунлари бўйича “Россия темир йўллари” ОАЖ ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўртасида Россия Федерацияси ҳудудида темир йўл инфратузилмаси объектларини қуриш учун Ўзбекистоннинг малакали меҳнат ресурсларини жалб қилишни ташкил этишга кўмаклашиш тўғрисида Меморандум имзоланди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech