Русский Ўзбекча English

Президент мактаблари самарадорлигини оширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 18 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раҳбарлигида видеоконференция шаклида шу йилнинг 10 сентябрь куни Президент, ижодий ва ихтисослаштирилган мактаблар самарадорлигини ошириш масаласи юзасидан бўлиб ўтган йиғилиш давомида Давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифаларга мувофиқ йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ва мамлакатнинг хориждаги дипломатик миссиялари раҳбарияти иштирок этди.

Президент таълим муассасалари Агентлиги раҳбарияти Президент, ижодий ва ихтисослаштирилган мактабларнинг бугунги фаолияти, шунингдек, қисқа ва ўрта муддатли режалари ҳақида батафсил маълумот берди.

Йиғилиш чоғида Президент мактабларининг халқаро таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигини ошириш муҳимлиги қайд этилди ва бу жараёнда мамлакат дипломатик ваколатхоналарининг муҳим ўрни алоҳида таъкидланди.

Муайян таълим муассасаларига бириктирилган дипломатик ваколатхоналар раҳбарларига Ўзбекистонда илғор таълим амалиётини ва ўқув жараёни учун замонавий дастурий таъминотни жорий этиш, моддий-техника базасини такомиллаштириш, шунингдек ўқитувчи ва ўқувчилар учун тажриба алмашиш дастурларини ташкил этиш мақсадида мутасаддилик қилинадиган мактаблар билан етакчи хорижий таълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича амалий чора-тадбирлар кўриш топширилди.

Президент таълим муассасаларининг бугунги ҳолати ва услубий ҳамда моддий-техник ёрдамга бўлган эҳтиёжлари билан таништириш мақсадида тизимли равишда Ўзбекистондаги хорижий дипломатик ваколатхоналар раҳбарларининг мактабларга ташрифларини ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Йиғилиш якунида аниқ тадбирлар, муддатлар ва масъул ижрочилар кўрсатилган ҳолда барча Президент таълим муассасалари учун алоҳида “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш топширилди. Мамлакатимизнинг дипломатик миссиялари ушбу йўналишдаги фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш рейтинг тизими асосида ҳар ойда амалга оширилади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech