Русский Ўзбекча English

ОТБнинг йиллик йиғилиши ва МОМИҲнинг юқори даражадаги сессияси: пандемиянинг иқтисодий оқибатларини бартараф этишда минтақавий ҳамкорлик

Жорий йилнинг 17-18 сентябрь кунлари видеоконференция шаклида Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши бўлиб ўтиб, унинг доирасида пандемия пайтида минтақавий ҳамкорлик масалаларига ва унинг иқтисодий оқибатларини бартараф этиш бўйича кейинги қадамларни белгилашга бағишланган Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорликнинг (МОМИҲ) юқори даражадаги сессияси ҳам бўлди.

Йиллик йиғилиш давомида ОТБга аъзо мамлакатлардан Банк бошқарувчилари Банк процессуал қўмитасининг ҳисоботлари ва ОТБнинг 2019 йилдаги молиявий фаолияти натижалари билан танишдилар, унга кўра кўриб чиқилаётган даврда тасдиқланган лойиҳаларни молиялаштириш учун 21,6 млрд доллар миқдоридаги кредит линиялари ва грантлар ажратилди. Бу иқлим ўзгаришига қарши курашни молиялаштиришни икки баравар ошириш бўйича 2015 йилда белгиланган мақсадни эрта бажарилишини таъминлашга имкон берди - белгиланган муддатидан 1 йил олдин. Бундан ташқари, Ўзбекистон, Арманистон, Озарбайжон, Бутан, Камбоджа, Фиджи, Грузия ва Непал билан алоҳида Ҳамкорлик дастурлари қабул қилинди.

Учрашувнинг бизнес-сессияси доирасида Бошқарувчилар Кенгаши аъзолари томонидан овоз бериш орқали ОТБнинг 2020 йилги бюджети тасдиқланди, 2020-2021 йилларда ОТБ Бошқарувчилар Кенгаши раиси ва унинг ўринбосари номзодлари, шунингдек, ОТБнинг 2023 йилги 56-йиллик йиғилишининг ўтказилиш жойи ва вақти тасдиқланди – Тбилиси шаҳри (Грузия).

Учрашув кун тартиби доирасида ОТБ томонидан Банкка аъзо бўлган ривожланаётган мамлакатларга коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этишда қўшимча ёрдам кўрсатиш масалалари ҳам кўриб чиқилди - ОТБ сўнгги 6 ой ичида ушбу мақсадлар учун 9,3 млрд доллар ажратганлиги қайд этилди.

“COVID-19 пандемияси Банкка аъзо бўлган ривожланаётган мамлакатларга жиддий таъсир кўрсатди ва жаҳон иқтисодиётига мисли кўрилмаган даражада таъсир қилди”, ОТБ амалдаги президенти Масацугу Асакава ўз нутқида айтиб ўтди. “Ижобий молиявий оқимни таъминлаш ва минтақа тикланишига иложи борича тезроқ ёрдам бериш учун тез ва кенг миқёсда жавоб чоралар кўрган ҳолда, биз пандемия билан курашиш учун барча мумкин бўлган манбаларни йўналтирмоқдамиз”.

Маълумот учун: Осиё тараққиёт банки 1966 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифаси молиявий ва техник ёрдам бериш орқали Осиёдаги мамлакатларда иқтисодий ўсишни рағбатлантиришдир. Ҳозирги вақтда Банк билан биргаликда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ ва сув хўжалиги, сув таъминоти ва оқова сув, автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, темир йўлларни электрлаштириш, ҳудудларда базавий инфратузилмани ҳар томонлама ривожлантириш ва бошқа соҳаларда ижтимоий-инфратузилмавий инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда ва ишлаб чиқилмоқда.

ОТБнинг йиллик йиғилиши доирасида бўлиб ўтган МОМИҲнинг юқори даражадаги сессияси давомида глобал пандемияга қарши курашиш билан боғлиқ долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди. Дастурдаги мамлакатлар вакиллари минтақадаги сўнгги ўзгаришларни, COVID-19 га қарши курашиш бўйича ҳар бир давлат томонидан кўрилаётган чора-тадбирларни, шунингдек, пандемиядан кейинги даврда халқаро ҳамкорликни тиклаш бўйича келгусида биргаликда амалга ошириладиган тадбирларни муҳокама қилдилар.

Муҳокама якунлари бўйича МОМИҲ сессияси иштирокчилари бир овоздан инқироздан кейинги даврда иқтисодий сиёсат соҳасида самарали ечимларни ишлаб чиқиш мақсадида кўп қиррали халқаро ҳамкорликка содиқ эканликларини тасдиқладилар. Коронавирус билан касалланган беморларга юқори сифатли ва ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган манбаларни яратиш ва инфекция тарқалиш суръатларини камайтириш бўйича чоралар кўриш мақсадида глобал соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришни давом эттириш зарурлиги тўғрисида ҳам умумий позиция белгиланди. МОМИҲ платформаси доирасида иқтисодий ва савдо алоқаларини кенгайтириш ва мамлакатлар ўртасидаги инфратузилмавий ўзаро боғлиқликни кучайтириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқарилиши бўйича қарор қилинди, бу эса ўз навбатида Осиё минтақасининг иқтисодий фаровонлигини янада мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшади.

Маълумот учун: Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик Дастури (МОМИҲ) ОТБ ташаббуси билан 1997 йилда жорий этилди. Дастурнинг мақсади - устувор йўналишларда минтақавий ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш орқали Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий ривожланишига кўмаклашишдир.

Ҳозирда МОМИҲда минтақанинг 11 та давлати - Ўзбекистон, Хитой, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Тожикистон, Афғонистон (2005 йилдан бери), Покистон, Туркманистон (2010 йилдан) ва Грузия (2016 йилдан), шунингдек, халқаро донор ташкилотлар: ОТБ, Жаҳон банки, ХВЖ, ЕТТБ, ИТБ ва БМТТД иштирок этади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech