Русский Ўзбекча English

Осиё Тараққиёт Банки Президенти Т. Накао билан учрашув бўлиб ўтди

Жорий йил 13 ноябрь куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков ва Осиё Тараққиёт Банки Президенти Т. Накао ўртасида учрашув бўлиб ўтиб, ўзаро ҳамкорликнинг бугунги кундаги ҳолати ва уни янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида Осиё минтақасининг ривожланаётган мамлакатларини қўллаб-қувватлашда банкнинг роли,  хусусан Ўзбекистондаги иштирокининг кўлами таъкидланди – ОТБ йирик саноат, инфратузилма ва ижтимоий ривожланиш дастурларини амалга оширишда иштирок этувчи стратегик ҳамкор бўлиб келган ва бўлиб қолмоқда.

Т. Накао, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг жадал ўзгариш жараёнлари ҳам мамлакатни ривожлантириш, ҳам минтақанинг иқтисодий соҳасидаги мавқеини мустаҳкамлаш учун катта имкониятларни очиб беришини таъкидлаб ўтиб, 2019-2023 йилларга мўлжалланган Мамлакат Ҳамкорлик стратегиясида мустаҳкамланган ҳамкорликни тизимлаштиришни олқишлашини маълум қилди.Шу билан бирга, у барқарор ривожланишнинг мажбурий омиллари сифатида макроиқтисодий барқарорлик, инфратузилма ва малакали кадрлар мавжуд бўлишини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, иқтисодий жараёнларни тартибга солишда давлатнинг ролини камайтириш ва хусусий секторни ривожлантириш учун қулай шароитларни яратиш мақсадида, давлат органлари фаолиятини такомиллаштириш борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар юқори баҳоланди – бу каби амалиёт ўзини Жанубий Осиёнинг қатор мамлакатларида муваффақиятли намоён қилган.

ОТБ президенти Ўзбекистон билан муносабатларнинг узоқ муддатли истиқболлари ҳақида гапирар экан, қўшимча инвестиция ресурсларини тақдим этиш орқали мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ўзгаришларни комплекс қўллаб-қувватлаш учун ўзаро манфаатлар доирасини давом эттириш ва кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Шу билан бирга, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўлган қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, сув ресурсларини бошқариш ва молия сектори бугунги кунда мавжуд салоҳиятни қамраб олмаслиги таъкидлаб ўтилиб, шу сабабдан, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқиш таклифи билдирилди.

Жорий йил якунига қадар маққулланиши кутилаётган ва қиймати 500 миллион долларга тенг бўлган иқтисодий тартибга солиш ва ипотека кредити бозорини ривожлантириш соҳасидаги лойиҳалардан ташқари,  келгусида лойиҳалар портфелни янада кенгайтириш учун янги йўналишлар алоҳида кўриб чиқилди ва ҳамкорликнинг тасдиқланган дастурлари доирасида амалий чоралар муҳокама қилинди.

Шунингдек, учрашув доирасида энергетика соҳасининг инвестиция ва саноат салоҳияти, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда мазкур секторни узоқ муддатли барқарор ривожланишини таъминлашга имкон берадиган энергия манбаларини диверсификациялаш ва инновацион технологияларни жорий этишни кўзда тутувчи амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech