Русский Ўзбекча English

Осиё тараққиёт банки Президенти билан музокаралар ўтказилди

13 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков видеоконференцалоқа орқали Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Президенти М.Асакава билан музокаралар ўтказди.

Мулоқот Ўзбекистон ҳукумати томонидан аҳолини коронавирус тарқалишидан ҳимоя қилиш ва пандемиянинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсирини минималлаштириш бўйича кўрилаётган чоралар доирасидаги жорий ҳамкорликни муҳокама қилишга бағишланди.

Суҳбат чоғида М.Асакава Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимининг сифатли ва узлуксиз ишлашини таъминлаш, махсус тиббий муассасалар ва карантин зоналарини ташкил этиш, аҳолига тиббий ва моддий ёрдам кўрсатиш, макроиқтисодий барқарорликни сақлаш ва пандемия шароитида ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Шунингдек, Банк раҳбарияти устувор йўналишлар бўйича Ўзбекистонга келгусида ёрдам кўрсатишга содиқлигини билдирди. Хусусан, коронавирус тарқалишига қарши курашиш, шунингдек, Сирдарё вилоятининг шикастланган инфратузилмасини тиклашга қаратилган чораларни молиялаштириш давом эттирилади.

ОТБ Президенти Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими ва санитария-эпидемиология хизматини модернизация қилиш ва жиҳозлаш учун 100 млн доллар миқдорида янги кредитни маъқуллаш бўйича тайёргарлик ишлари якунланаётганигини маълум қилди. Кредит жорий йилнинг август ойи бошида маъқулланиши кутилмоқда. Шунингдек, ушбу лойиҳани амалга ошириш учун биргаликда молиялаштириш асосида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг 100 млн долларлик маблағлари жалб этилиши маълум қилинди.

Томонлар қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш, соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, инфратузилмавий қурилиш ва хусусий секторни ривожлантириш соҳаларидаги қўшма лойиҳаларнинг жорий ҳолатини ҳамда уларни амалга оширишни тезлаштириш механизмларини алоҳида муҳокама қилдилар.

Музокаралар якунида ОТБ билан амалдаги Ҳамкорлик дастури доирасидаги фаол ҳамкорликни давом эттириш ва 2021-2023 йилларга мўлжалланган янги Дастур бўйича келишиш ишларини бошлаб юборишга қарор қилинди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech