Русский Ўзбекча English

Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки коронавирус пандемияси сабабли келиб чиққан глобал инқироз шароитларида Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр

Жорий йилнинг 6 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари- инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) Президенти Ц.Лицюн иштирокида видеоконференция бўлиб ўтди.

Томонлар коронавирус инфекциясини глобал тарқалиши туфайли Республика олдида турган ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни енгиб ўтиш бўйича ҳамкорлик форматини муҳокама қилдилар.

ОИИБ Президенти мамлакат Раҳбарияти томонидан аҳолини глобал пандемиядан ҳимоя қилиш учун қўлланилаётган чора-тадбирларни, хусусан, аҳолини иқтисодий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини кенг кўламини молиялаштириш мақсадида Ўзбекистон инқирозга қарши жамғармаси ташкил этилганлигини юқори баҳолади.

Ўз навбатида, ўзбек томонини мураккаб иқтисодий шароитга қарамасдан, инфратузилмани босқичма-босқич ривожлантириш йўли билан иқтисодиётни барқарорлаштириш ва кейинчалик мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш масаласида Банкнинг Ўзбекистонга сезиларли кўмак кўрсатиш истаги борлигини билдирди.

Ўтган ҳафтада Банк Директорлар кенгаши томонидан Бухоро вилояти автомобил йўллари, сув таъминоти ва оқава сув инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида 385 млн. доллар миқдоридаги махсус заём маъқуллангани учун Ўзбекистон Ҳукумати номидан Банк Раҳбариятига миннатдорчилик билдирилди. (лойиҳаларнинг умумий миқдори – 1,3 млрд. долл.)

ОИИБ президенти Банк қисқа вақт ичида Бухоро вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги автомобил йўлларини реконструкция қилиш, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги аҳоли пунктларини ичимлик суви, оқова ва иссиқлик таъминоти билан таъминлаш бўйича 680 миллион доллардан ортиқ узоқ муддатли имтиёзли кредитлар бериш бўйича қисқа муддатда тайёргарликни якунлаши ва тасдиқлашини таъкидлади.

Шу билан бирга, видеоконференция давомида коронавирус пандемиясининг Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсирини камайтириш мақсадида соғлиқни сақлаш тизими ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун фавқулодда қўшимча маблағ ажратишни биргаликда ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди.

ОИИБ Президенти сўровни тезкор тартибда кўриб чиқишга тайёрлигини ва ОИИБ Ўзбекистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тарафдори эканлигини тасдиқлади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech