Русский Ўзбекча English

Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бухоро вилоятининг ичимлик ва оқова сув таъминоти ривожланишини қўллаб-қувватлайди

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан «Бухоро вилоятида ичимлик ва оқова сув тизими билан таъминлаш» кенг кўламли инфратузилма лойиҳасини амалга ошириш учун Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг (ОИИБ) маблағлари жалб қилинди.

Жорий йилнинг 3 апрель куни ОИИБ директорлар кенгаши юқорида қайд этилган лойиҳанинг биринчи босқичини амалга ошириш учун Ўзбекистонга 385 миллион доллар миқдоридаги маблағларни ажратилишини маъқуллади.

Лойиҳанинг мақсади Бухоро вилоятининг туманларида барқарор ичимлик ва оқова сув таъминоти инфратузилмасини ривожлантиришдир, бу эса ўз навбатида аҳолининг турмуш даражаси ва ҳудуддаги тадбиркорлик фаоллигини оширишга замин яратади.

Лойиҳадан фойда олувчилар сони тахминан Бухоро вилоятининг 1,2 миллион аҳолисини ташкил қилиши кутилмоқда, шундан 540 минг киши биринчи марта марказлашган ичимлик суви таъминотидан ва 105 минг киши эса марказлашган оқова сув тизимидан фойдаланишлари мумкин бўлади.

Ушбу лойиҳа Бухоро вилоятида ичимлик ва оқова сув таъминоти тизимини комплекс ривожлантириш бўйича мисли кўрилмаган лойиҳанинг биринчи босқичидир. Лойиҳанинг иккинчи босқичи қўшимча 620 минг кишига марказий ичимлик ва оқова сув таъминоти тармоғидан фойдаланишга имкон яратади.

Умуман олганда, умумий қиймати қарийб 600 миллион долларни ташкил этадиган лойиҳа амалга оширилиши натижасида Бухоро вилояти ичимлик суви таъминот хизматлари билан тўлиқ таъминланади, вилоятнинг барча туманлари марказлари эса марказлаштирилган оқова сув  тармоғи тизимига тўлиқ уланади.

Маълумот учун: Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) Осиё ҳудудида инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ХХР раҳбарияти ташаббуси билан 2014 йил 24 октябрда ташкил этилган. Ўзбекистон 2016 йил 29 ноябрдан буён ОИИБ аъзосидир.

Айни пайтда Банк билан ичимлик ва оқова сув таъминоти, автомобил йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, темир йўлларни электрлаштириш, ҳудудларда асосий инфратузилмани комплекс ривожлантириш ва бошқа соҳаларда умумий қиймати 2,0 миллиард доллардан ортиқ бўлган бир қатор инфратузилма лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech