Русский Ўзбекча English

Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 28 июль куни Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) Бошқарувчилар кенгашининг видеоконференция шаклида йиллик йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Банкка аъзо бўлган 103та мамлакатдан ОИИБ Бошқарувчилари ва Бошқарувчиларининг ўринбосарлари, Банк раҳбарияти, халқаро экспертлар ва бошқа юқори мартабали меҳмонлар иштирок этдилар.

Йиғилишни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин кириш сўзи билан очиб берди ва Банк акциядорларини тараққиётнинг янги, кўп томонлама молиявий институтининг муваффақиятли шаклланиши билан табриклади.

Йиллик йиғилишининг кун тартибидаги асосий масала ОИИБ президентини сайлаш бўлди. Овоз бериш натижаларига кўра амалдаги президент Цзинь Лицюнь Бошқарувчилар кенгаши аъзоларининг бир овоздан қабул қилинган қарорига асосан 2021-2025 йиллар даврига Банк раҳбари этиб сайланди.

Шунингдек, йиғилиш доирасида давра суҳбати бўлиб ўтди, унда глобал ва минтақавий иқтисодиётда рўй бераётган тенденциялар, халқаро иқтисодий муносабатларга COVID-19 таъсири, пандемия келтириб чиқарган муаммоларни енгишда Банкга аъзо давлатларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар дастури, шунингдек, корпоратив стратегияни тайёрлашнинг ҳолати муҳокама қилинди.

Давра суҳбати давомида ОИИБ фаолиятининг қисқа ва узоқ муддатли устувор йўналишлари белгиланди, лойиҳаларни амалга оширишда Банк томонидан мультипликатив самарага эришиш имконини берадиган тизимли ёндашув қўлланилиши зарурлиги, шунингдек, ОИИБга аъзо давлатларда иқтисодиётни тиклаш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида мунтазам равишда фикр алмашиб туриш лозимлиги таъкидланди.

ОИИБ раҳбарияти томонидан Банкнинг 2019 йил якунлари бўйича ҳисобот, шунингдек, пандемиянинг иқтисодий оқибатларини бартараф этишда Банкка аъзо давлатларни қўллаб-қувватлаш доирасида кўрилган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисобот тақдим этилди.

Йиғилиш иштирокчиларига 10 млрд доллар миқдоридаги ОИИБ "COVID-19 инқирозидан кейиш тикланиш" махсус дастурининг амалга оширилиши тўғрисида маълумот берилди, бугунги кунга қадар дастур доирасида 12 та мамлакатга молиявий ёрдам қўрсатиш учун 6 млрд доллардан ортиқ маблағ ажратилди.

Ушбу дастур доирасида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш тизимини қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун қарийб 300 млн доллар маблағ сарфланиши режалаштирилмоқда. Умуман олганда, истиқболли лойиҳалар тўплами 10 та мамлакатни қамраб олади ва ҳозирги вақтда тайёрланиш ва маъқулланиш босқичидадир.

2019 йилда ОИИБ томонидан эришилган асосий ютуқлар ҳақида гапирганда, Банк раҳбарияти тўққизта янги акциядор-мамлакатлар аъзоликка қабул қилинганлигини, маҳаллий валютада молиялаштириш, кредитни қисман кафолатлаш, ўзгарувчан спрэдли кредитлар ва мустаҳкам валютада кредитлар ажратилишини қамраб оладиган молиявий маҳсулотлар турларининг кенгайишини; ўтган йилга нисбатан инвестициялар ҳажми 12% ўсганлигини; қиймати 2,5 млрд долларга тенг бўлган беш йиллик облигациялар чиқарилганлигини таъкидлади. Облигациялар чиқарилиши 27 мамлакатлардан 90 тадан кўпроқ инвесторларнинг 4,4 млрд доллар маблағларини жалб этишга имкон берди.

Ўзбекистон Республикасидан ОИИБ Бошқарувчиси, Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ўз нутқида жаҳон иқтисодиётида юзага келган вазият ҳукуматлар ва тараққиёт ҳамкорларидан миллий, минтақавий ва халқаро миқёсда қатъий ва самарали чора-тадбирларни амалга оширишни талаб қилаётганлигини таъкидлади.

Шу муносабат билан, ҳозирги вақтда ОИИБга аъзо мамлакатлар ва Банк томонидан қўйидаги устувор соҳалар ва йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш жуда муҳим эканлиги қайд этилди: ОИИБга аъзо мамлакатларда касаллик орттирган одамлар учун ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатиш бўйича аҳоли эҳтиёжларини қондириш, шунингдек, инфекция тарқалишини камайтириш учун етарли даражада заҳираларни яратиш мақсадида соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш; солиқ тўловларининг муддатини узайтириш, айланма маблағларини молиялаштириш ва транзакция харажатларини камайтириш орқали тадбиркорлик субъектлари ва инфратузилманинг барқарор ишлашини қўллаб-қувватлаш; ташқи савдо ва инвестиция оқимларида пайдо бўлаётган янги тўсиқларнинг салбий таъсирини камайтириш, шунингдек, ижобий иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш учун узилган таъминот занжирларини тиклаш; ривожланаётган мамлакатларнинг инқироздан кейинги даврдаги эҳтимолий муаммо ва имкониятларини ҳар томонлама баҳолаш.

Шунингдек, йиғилиш давомида Бошқарувчилар кенгаши Либерия Республикасининг ОИИБ акциядорлари сафига қўшилиш тўғрисидаги аризасини маъқуллади ва 2021 йилнинг 27-28 октябрь кунларига режалаштирилган ОИИБ Бошқарувчилар кенгашининг навбатдаги йиллик йиғилиши ўтказиладиган жой сифатида Дубай (БАА) шаҳрини белгилади.

Маълумот учун: Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) Осиё - Тинч океани минтақасида инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2014 йилнинг 24 октябрида ташкил этилган. Ўзбекистон 2016 йил 29 ноябрдан ОИИБ аъзоси ҳисобланади. Айни пайтда Банк билан биргаликда сув таъминоти, канализация, автомобил йўлларини қуриш ва қайта таъмирлаш, темир йўлларни электрлаштириш, ҳудудларда базавий инфратузилмани ҳар томонлама ривожлантириш бўйича қиймати 2,0 млрд доллардан зиёд бўлган қатор кенг кўламли инфратузилма лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech