Русский Ўзбекча English

Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фонди "ёшлар, инновация ва соғлиқни сақлаш" йўналишлари бўйича учта янги лойиҳани молиялаштиришни маъқуллади

БМТ шафелигида ташкил этилган Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фонди Бошқарув қўмитаси аризаларни қабул қилиш бўйича иккинчи чақириқ доирасида "ёшлар, инновация ва соғлиқни сақлаш" йўналишларига оид умумий қиймати 6 млн. АҚШ долларидан ортиқ бўлган 3 та лойиҳани молиялаштиришни маъқуллади.

Ушбу аризалар мустақил экспертлардан иборат баҳолаш қўмитаси томонидан олдиндан кўриб чиқилди. Экспертлар таркибига ҳукумат органлари вакиллари, БМТ ходимлари, мустақил эксперт ва Траст фонди техник котибияти аъзоси киради. Кўриб чиқиш натижалари бўйича аризалар Траст фонди талабларига жавоб беради, дея топилди ва белгиланган тартибда тасдиқланди.

Биринчи лойиҳа — “COVID-19 пайтида ва ундан кейин ёшларнинг истеъдодларини жалб қилиш ва сув, санитария, гигиена ва овқатланиш сифатини яхшилаш орқали Қорақалпоғистоннинг барқарор келажагига сармоя киритиш" — БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ), БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (ЮНОДС) ва БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) билан биргаликда амалга оширилади. Лойиҳа аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан 5000 бола ва ўспириннинг соғлиғини мустаҳкамлашга ҳамда овқатланишини яхшилашга қаратилган. 10-17 ёшли ўн минг қиз микронутриентлар билан таъминланади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг учта тумани — Мўйноқ, Қўнғирот ва Бўзатовдаги 15 та мактабда соғлиқни сақлаш инфратузилмаси яхшиланади.

Лойиҳа орқали ҳар йили 181 мингдан зиёд киши сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Хусусан, 20 та бирламчи тиббий-санитар ёрдам муассасасида сув таъминоти тизими ва санитария-гигиена инфратузилмаси яхшиланади. Бундан ташқари, 520 нафар ёшлар малака ошириш дастурлари доирасида билим ва имкониятларини кенгайтиради.

Иккинчи лойиҳа — "Оролбўйи минтақасининг заиф аҳоли пунктларида иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини ҳал қилиш учун мослашувчан салоҳиятини кучайтириш орқали ёшларнинг ва заиф аҳолининг ижодий ва инновацион салоҳиятини тарғиб қилиш" БМТнинг Тараққиёт дастури (БМТТД), БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан биргаликда амалга оширилади. Дастур 1500 га яқин қишлоқ ёшлари ва аёлларни қамраб олади. Хусусан, ёшларнинг стартап-лойиҳалари ва бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш бўйича ташаббуслар жорий этилади. Бундан ташқари, дастур 300 аёл ва ёшларга қишлоқ хўжалигида янги усулларни қўллаш имкониятини беради ва қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва 9 та намойиш майдончасини ташкил этиш орқали 75 кишини иш билан таъминлаш учун шароит яратади. Қолаверса, 120 талаба ва 300 нафар ёшлар рақамлаштириш соҳасидаги ташаббуслар, платформалар ва ижтимоий инфратузилма лойиҳалари ёрдамида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ўзларининг касбий салоҳиятларини оширадилар.

Учинчи лойиҳа — "Қорақалпоғистонда соғлиқни сақлаш ва хавфсизликни умумхалқ қамраб олиш йўлида", Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилади. Тиббий муассасалар, тиббий асбоб-ускуналар ва кадрлар ресурсларига келгусидаги инвестициялар тўғрисида маълумот бериш учун Мўйноқ тумани аҳолисининг эҳтиёжларини баҳолаш амалга оширилади. Лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш минтақадаги аҳоли хавфсизлиги, шу жумладан сув, энергетика ва йўл инфратузилмасининг янада кенгроқ  жиҳатларини ҳисобга олишга имкон беради.

Асосий донорлар (Траст фонди) Европа Иттифоқи, Финляндия, Норвегия, Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматлари ҳисобланади.

Маълумот учун: 2018 йил 27 ноябрда БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги штаб-квартирасида Ўзбекистондаги БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фонди ишга туширилди. 2019 йил 8 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан "Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳомийлигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фонди фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори тасдиқланди. Унда фондининг самарали ишлашини таъминлаш учун қулай институционал, ҳуқуқий ва молиявий муҳит яратиш бўйича бир қатор амалий чора-тадбирлар кўзда тутилган. БМТнинг Траст фонди фаолияти тўғрисидаги батафсил маълумот Фонднинг http://www.aral.mptf.uz/ расмий веб-сайтида танишиш мумкин.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech