Русский Ўзбекча English

Қорақалпоғистон Республикасида шамол электр станцияси қурилиши учун инвесторлар аниқланди

16 сентябрь куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Қорақалпоғистон Республикасида 100 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш бўйича халқаро тендер натижалари эълон қилинди.

Тендерда иштирок этишга 70га яқин хорижий компания қизиқиш билдирди. Олдиндан малакали танловда Хитой, Жанубий Корея, Япония, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Россия, Сингапур, Чехия ва Франциядан 16 та компания иштирок этиб, улардан 12 таси ушбу танловдан муваффақиятли ўтди.

Тендернинг якуний босқичида Бирлашган Араб Амирликларининг “Abu Dhabi Future Energy company PJSC” (Masdar) (БАА) компанияси, “АCWА Power” (Саудия Арабистони) ва “Voltalia” (Франция) компанияси ўзаро рақобатлашди.

Ишлаб чиқариладиган 1 кВт*с электр энергия учун 2,5695 АҚШ центига тенг тарифни таклиф қилган “АCWА Power” (Саудия Арабистони) компанияси шамол электр станциясини қуриш бўйича халқаро тендер ғолиби деб, эълон қилинди.

Ишлаб чиқариладиган 1 кВт*с электр энергия учун 2,6550 АҚШ центига тенг тарифи билан “Masdar” (БАА) компанияси ушбу тендернинг захира ғолиби деб, эълон қилинди.

Инвестициявий мажбуриятларга мувофиқ, шамол электр станцияси 2023 йилнинг ўрталарига келиб ишга туширилади. Электр станциясининг ишга туширилиши йилига 400 миллион кВт/с экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқаришни таъминлайди. ШЭС Қорақалпоғистон Республикасининг Қораузоқ ва Беруний туманлари ҳудудида жойлашади. Лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиладиган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 140 млн долларга баҳоланмоқда.

Лойиҳа Ўзбекистон Ҳукуматининг муқобил электр энергия манбаларини жорий этиш орқали мамлакат энергетика балансини диверсификация қилишга қаратилган дастурининг бир қисмидир. Унинг амалга оширилиши мамлакатнинг умумий энергия балансида қайта тикланадиган манбалардан ҳосил бўладиган электр энергияси улушини 25 фоизга етказиш мақсадига эришишга хизмат қилади ҳамда 110 мингга яқин хонадонга электр энергияси етказиб бериш, атмосферага чиқариладиган углерод чиқиндиларини йилига 157 минг тоннага камайтириш ва қурилиш даврида мингдан ортиқ янги иш ўрни яратишга имкон беради.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech