Русский Ўзбекча English

Қорақалпоғистон Республикасида инвестиция лойиҳаларининг таҳлили амалга оширилди

Жорий йилнинг 19 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков бошчилигидаги ва тегишли вазирликлар, идоралар, тармоқ хўжалик бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакилларидан иборат бўлган Ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг иқтисодий салоҳиятини комплекс ўрганиш, тармоқлар, вилоятлар ва шаҳарлар бўйича ҳудудий инвестиция дастурини инвентаризация қилиш ва инвестиция фаолиятини тезлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш борасида бир ҳафта давомида олиб борилган ишлар якунлари сарҳисоб қилинди.

Ишчи гуруҳнинг асосий вазифаси этиб саноат ва қишлоқ хўжалигининг устувор тармоқларида ишлаб чиқаришни ошириш, юқори қўшилган қиймат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва етказиб беришни кўпайтириш ҳисобига экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, аҳоли кенг қатламларининг бандлигини таъминлашни назарда тутган ҳолда, жалб қилинган инвестицияларнинг максимал иқтисодий самарадорлигини таъминлаш белгиланган.

Шу мақсадда масъул раҳбарларга инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш методологиясини тубдан қайта кўриб чиқиш топширилди. Маълум бир ҳудудда мавжуд бўлган ресурслар ва инфратузилмани пуҳта таҳлил этиб борилиши инвестиция фаолиятининг истиқболли йўналишларини аниқлашга асос бўлиши керак, ушбу таҳлил натижалари асосида ҳар бир туман, шаҳар ривожланишининг “ўсиш нуқталари” ёки “драйверлари” аниқланади.

Шу билан бирга, ажратиб олинган йўналишлар доирасида ишлаб чиқариш ва экспортнинг мақсадли параметрлари белгиланди, уларга эришиш учун тўсқинлик қилиши мумкин бўлган муаммолар аниқланиб, уларни ҳал қилиш алгоритмлари ишлаб чиқилди.

Ушбу ёндашув инвестиция лойиҳалари амалга оширишнинг рентабеллиги ва иқтисодий фойдасини холисона баҳолаш ҳамда инвестиция фаолиятининг минтақа ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатларига ва аҳоли фаровонлиги ўсишини таъминлашга таъсирини ошириш имконини берди.

Ишчи гуруҳи фаолияти натижасида умумий қиймати 9,8 трлн сўмни ташкил этувчи 1280 та инвестиция лойиҳаларидан иборат бўлган дастлабки тўплам шакллантирилди, шундан умумий қиймати 5,0 трлн сўмни ташкил этадиган 707 та лойиҳа жорий йил охиригача амалга оширилади. Умуман, мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши жорий йил охиригача вилоятда 17 мингдан ортиқ иш ўрни яратилишига имкон беради.

Ишлаб чиқариш корхоналари билан кооперация алоқаларини йўлга қўйиб, асаларичилик, чорвачилик, паррандачилик, ипакчилик, трикотаж ва тикув буюмлари ишлаб чиқариш каби тармоқларда касаначиликни ташкил этиш имкониятларини яратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу йўналишда 128 млрд сўмлик 120 та инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Тармоқлар, тижорат банклари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари билан амалга ошириш учун ишлаб чиқилган ва таклиф этилган инвестиция лойиҳалари мисолида янги ёндашувни қўллаш хусусиятлари батафсил муҳокама қилинди, лойиҳаларнинг афзалликлари ва камчиликлари ҳар томонлама ўрганилди, шунингдек, алоҳида лойиҳаларни қайта ўрганиш ва муқобил инвестиция ташаббусларини кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди. Янги методикани республиканинг бошқа ҳудудларида тизимли асосда қўллаш режалаштирилмоқда.

Ишчи гуруҳ ташрифининг якунларига кўра, тегишли вазирликлар, идоралар, тармоқ хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларига минтақани ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар ва янги инвестиция лойиҳаларини тезкорлик билан амалга ошириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди. Шу билан бирга, амалга ошириладиган аниқ тадбирлар, муддатлар ва масъул идоралар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган тармоқ жадвалларини тасдиқлаш ҳам топширилди. Вилоятда ҳар бир лойиҳанинг боришини самарали мониторинг қилиш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш механизмларини яратиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech