Русский Ўзбекча English

Наманган вилоятининг иқтисодий ўсиш нуқталари белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Наманган вилоятида инвестиция фаолиятини кучайтириш бўйича комплекс ишлар амалга оширилди.

Амалга оширилган ишлар икки асосий йўналишга ажратилди: ўзаро ҳамкорлик тамойиллари асосида тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ва минтақани комплекс ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар.

Биринчи йўналишда умумий қиймати 2,2 трлн сўмга тенг бўлган, шу жумладан халқаро молия институтларининг 103 млн доллар маблағларини жалб қилиш ҳисобига касаначилик йўналишида 157 та янги лойиҳалар амалга оширилади ва шу орқали тўқув-трикотаж, ҳунармандчилик, иссиқхона хўжаликлари, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, боғдорчилик, заргарлик, эчкичилик, ёғочсозлик каби йўналишларда 18,4 минг нафар аҳоли иш билан таъминланади.

Минтақани комплекс ривожлантириш дастури доирасида умумий қиймати 8,3 трлн сўмлик 1651 та лойиҳалар амалга оширилади ва улар ҳисобига 34,8 мингта иш ўринлари яратилади. Дастур билан 369 млн доллар тўғридан-тўғри инвестициялар ва 1,9 трлн сўм банк кредитлари жалб қилиш режалаштирилган.

Таъкидлаш лозимки, мазкур лойиҳаларни ишлаб чиқишда иқтисодий ривожланишнинг ўсиш нуқталари – "драйверлар"ни аниқлаш йўли билан минтақа имкониятларидан максимал даражада фойдаланиш мақсадида вилоят туман ва шаҳарларининг кучли ва заиф томонлари ўрганилди.

Вилоятдаги ана шундай "драйвер"лардан бири тўқимачилик саноати бўлиб, унинг технологик ривожланиш даражаси ташқи бозорда харидоргир бўлган юқори сифатли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини бермоқда. Етакчи хорижий брендлар остида тайёр кийим – кечак ишлаб чиқариш учун хорижий брендлар билан алоқалар ўрнатиш орқали экспортга сотиладиган тўқимачилик маҳсулотларининг қўшимча қийматини оширишга алоҳида урғу берилади - вилоятда ип-калавани қайта ишлаш даражасини 95% га ошириш режалаштирилган. Келгусида ички брендларни яратиш ва уларни ташқи бозорларга илгари суриш бўйича ҳам чора-тадбирлар мажмуи амалга оширилади.

Шунингдек, яқин келажакда тўқимачилик саноатида ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш режалаштирилган бўлиб, бунинг учун биринчи босқичда Тўрақўрғон туманида ихтисослаштирилган тўқимачилик савдо-саноат зонасини ташкил этиш учун 100 гектар ер майдони ажратилади.

Бундан ташқари, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, терини қайта ишлаш ва тайёр пойабзал ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқаришда маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босишга қаратилган, асосан, кластер шаклидаги корхоналар ташкил этишга йўналтирилган қатор инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Фойдали қазилмаларни чуқур қайта ишлаш бўйича инновацион технологияларни жорий этиш эвазига қурилиш материаллари, хусусан, керамик буюмларини тайёрлаш учун ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва уларнинг таннархини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун тегишли ихтисослаштирилган илмий-техник марказлар фаолияти ихтисослаштирилган фондлар ва хорижий грантларни жалб этиш эвазига илмий ишланмаларни тизимли молиялаштириш орқали жонлантирилади.

Эчкичиликнинг Наманган вилояти Поп ва Чуст туманларида тарихан ривожланганлигини ҳисобга олган ҳолда, бу соҳа ҳам кескин фаоллаштирилади – эчки жунини қайта ишлаш ва тайёр жун маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича саноат кластерларини ташкил этишга қаратилган бир қатор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилди.

81 млн долларлик 128 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш анъанавий боғдорчиликдан интенсив боғдорчиликка ўтишга қаратилган бўлиб, бу - ердан фойдаланишнинг иқтисодий самарадорлигини сезиларли даражада оширади ва вилоятда мевалар етиштириш харажатларини камайтиради. Шунингдек, бу секторда янги ёндашув қўлланилади – йирик экспорт қилувчи хўжаликлар, маҳсулотларни қайта ишлаш ва сақлаш учун ишлаб чиқариш объектлари ва логистика марказларидан иборат экспорт кластерлари ташкил этилади. Кластерларда ва экспорт қилиниши режалаштирилган мамлакат мутахассисларни жалб қилиш ва стандартларини жорий этиш эвазига аниқ экспорт бозорларига қаратилган сифат назорати ва сертификатлаш лабораториялари ҳам ташкил этилади. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилган умумий ер майдони 4.5 минг гектарни ташкил этади, 9 мингга яқин иш ўрни яратилади.

Лойиҳаларни амалга ошириш вақти ва молиявий харажатларини сезиларли даражада камайтирадиган яна бир "драйвер" - тижорат банклари томонидан жорий этилган тадбиркорларни "пакетли" қўллаб-қувватлаш тизимидир. Ушбу ёндашув доирасида тадбиркорларга маблағ ажратишдан тортиб, муайян фаолият тури билан шуғулланиш сирларини ўргатиш ва ҳужжатларни тайёрлашгача ёрдам берилиб, комплекс хизматлар кўрсатилади. Умуман олганда, "Миллий Банк" АЖ, "Асака Банк" АТБ ва "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ имкониятлари билан умумий қиймати 2,4 трлн сўмлик 129 та лойиҳани амалга ошириш ва 7317 та иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Наманган вилоятида лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижда яшаётган ва тадбиркорлик билан шуғулланаётган ватандошлар салоҳияти ва тажрибасидан фаол фойдаланилади - бу йўналишда 247 млн долларлик 17 та лойиҳа амалга оширилади.

Жами 2020-2021 йилларда Наманган вилоятида барча инвестиция дастурларини амалга ошириш ва иқтисодий ривожланишнинг юқорида қайд этилган “драйверлари”ни ишга солиш орқали умумий қиймати 13,1 трлн сўмлик 2148 лойиҳа амалга оширилиб, 55 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech