Русский Ўзбекча English

Миллий тадқиқот университети мамлакат иқтисодиёти учун илғор кадрлар тайёрлашга ҳисса қўшишда давом этмоқда

Жорий йилнинг 22 июнь куни “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот Университети битирувчиларига тантанали диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Миллий тадқиқот университети Бошқарув кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, университет ректори Б.Мирзаев, турли идоралар раҳбарлари, муассаса профессор-ўқитувчилари, битирувчилар, уларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққан С.Умурзаков мамлакатимиз ишончи Университет битирувчиларига улкан масъулият юклаётганини таъкидлаб, таълим муассасаси анъаналарининг узлуксизлигини сақлаш, шунингдек, ҳозирги давр ва замонавий технологик тараққиёт даражаси ёш мутахассислардан талаб қилаётган тубдан янги кўникмалар ва инновацион ечимларни ўзлаштириш ва амалда татбиқ этиш муҳимлигини таъкидлади. Бошқарув кенгаши томонидан Университет битирувчиларига эгалланган кўникмаларни муваффақиятли қўллаш, ижодий салоҳиятни рўёбга чиқариш ҳамда касбий жиҳатдан янада ўсишда ёрдам кўрсатиш амалиёти давом эттирилиши маълум қилинди.

Маълумот учун: “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий илмий-тадқиқот университети Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 декабрдаги № ПҚ-42-сонли Қарорига асосан 1923 йилдан бери фаолият кўрсатиб келган Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини трансформациялаш йўли орқали ташкил топди. Университет 7та факультетдан иборат бўлиб, унда 5830 талабалар таҳсил олмоқда. Бу йил университетни 908 нафар бакалавр ва 242 нафар магистр тамомлади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech