Русский Ўзбекча English

Мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини тубдан ўстириш муҳокамасига бағишланган видеоконференция форматида мажлис бўлиб ўтди

Жорий йил 30 ноябрь куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида, вазир С.Умурзаков бошчилигида мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини тубдан ўстириш муҳокамасига бағишланган видеоконференция форматида йиғилиш бўлиб ўтди.

Мажлисда Қишлоқ хўжалиги Вазирлиги, «Узбекозиковкатхолдинг» холдинг ширкати раҳбарлари, ҳамда Қорақалпоғистон республикаси ва вилоятлар раҳбарларининг инвестиция ва ташқи савдо, шунингдек қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари иштирок этдилар.

Мажлис давомида Республика раҳбарияти томонидан қўйилган, махсус агросаноат кластерларини яратиш орқали, «тайёрлаш - сотиб олиш - сақлаш ва қайта ишлаш – экспорт» занжирлари бўйича фермер хўжаликлари ва йирик экспортер корхоналар кооперациясининг умуман янги механизмларини жорий қилиш вазифаси муҳокама қилинди.

Белгиланган мақсадлар доирасида агротехник тадбирларни ўтказиш, ўсимликларга ишлов бериш ва зараркунандаларга қарши курашишнинг янги усулларини жорий этиш орқали ҳосилни оширишга қаратилган инновацион технологияларни қўллаш, замонавий сифат стандартларига мувофиқ маҳсулотни сақлашни ташкил этиш, ва юқори қўшимча қийматга эга экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқиш мақсадида янги қайта ишлаш усулларини кўриб чиқиш, шунингдек сўнгги истеъмолчигача етказиб беришнинг барқарор транспорт тизимини яратиш масалалари долзарблиги айтиб ўтилди.

Мева-сабзавот соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш ҳамда мавжуд бўлган масалалар ва муаммоларни барча тегишли давлат структуралари, идоралар ва банкларни жалб қилган ҳолда комплекс равишда кўриб чиқиб ҳал этилиши ўта мухимлиги қайд этилди.

Мажлис якунида агросаноат кластерлари яратилиши орқали мева-сабзавот секторида кооперациянинг такомиллаштирилиши хусусида аниқ чоралар белгиланди ва масъул раҳбарларга манзилли кўрсатмалар берилиб, уларнинг амалга оширилиши мева-сабзавот маҳсулотлари йиллик экспорт ҳажмини 2,5 млрд долларга етказишга асос яратади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech