Русский Ўзбекча English

Мадина шаҳри билан иқтисодий ва маданий алоқаларни йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 4 май куни Саудия Арабистонида бўлиб туриши доирасида Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Мадина шаҳрига ташриф буюрди.

Делегация аъзолари бир қатор саноат ва маданият масканларида бўлди. Жумладан, бизнес-инкубаторга ташриф давомида аҳолини ҳунармандчилик ва тадбиркорликка жалб этиш бўйича Саудия Арабистони тажрибаси ўрганилди. Шунингдек, Пайғамбаримизнинг ҳаёти ва Ислом цивилизацияси халқаро музейи зиёрат қилинди ва у ерда Саудия Арабистони томони маданий ва тарихий меросни тарғиб қилишда инновациялар ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш бўйича эришилган ютуқларни тақдим этди.

Шунингдек, ташриф чоғида Мадина минтақаси амири шаҳзода Файсал бин Салмон ал-Сауд билан учрашув бўлиб ўтди. Унда инвестициявий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ўрганилди. Хусусан, Самарқанд ва Мадина шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларни йўлга қўйиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Подшоҳ Файсал номидаги Исломшунослик маркази билан Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишнинг салоҳияти ҳам қайд этилди.

Учрашув якунида иккала томон ҳам манфаатдор бўлган лойиҳа ва ташаббусларни илгари суриш мақсадида ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech