Русский Ўзбекча English

Маҳаллий тадбиркорлар ва экспортчиларга тизимли ва шошилинч ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 16 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раҳбарлигида сақланаётган чекловлар ва карантин талаблари шароитида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг ноанъанавий механизм ва алгоритмларни имплементация қилиш эвазига тадбиркорлар ва экспортчиларнинг барқарор фаолиятини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни, шунингдек инвестиция ва ташқи савдо фаолияти соҳасидаги бошқа масалаларни муҳокама қилишга бағишланган видеоконференция ўтказилди.

Йиғилишда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, тармоқ идоралари, саноат бирлашмалари, соҳавий давлат тузилмалари, тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги маҳаллий ҳокимликлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилиш давомида 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурининг бажарилиши ва жорий йилнинг январ – апрел ойларида тўғридан – тўғри хорижий инвестиция ва кредитларнинг ўзлаштирилиши, шунингдек январ - май ойлари учун экспорт қилишнинг прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши юзасидан масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди. Юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар экспортини ошириш, шунингдек, иш ўринларини ташкил этиш эвазига аҳоли бандлигини таъминлаш учун мустаҳкам пойдевор яратиш мақсадида Дастурнинг мақсадли кўрсаткичларини сўзсиз бажариш, ишлаб чиқариш қувватларини ўз вақтида ишга тушириш бўйича самарали чоралар кўриш муҳимлиги қайд этилди.

Асосий урғу янги узилган мева - сабзавот маҳсулотлари, шунингдек, енгил саноат ва фармацевтика маҳсулотлари экспортини оширишнинг истиқболли механизмларига қаратилди - тегишли соҳа идоралари раҳбарларининг конструктив таклифлари кўриб чиқилиб, муддатлари аниқ белгиланган вазифалар берилди. Шу билан бирга, давлат ташқи савдо компаниялари ва чет элдаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларига ички маҳсулотлар учун янги бозорларни излаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Тармоқлар ва ҳудудлар кесимида импортнинг ўрнини босиш ва саноат ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалалари, шунингдек, коронавирус пандемияси муносабати билан жорий этилган чекловлар шароитида туризм хизматлари экспортини тиклашнинг истиқболли ноанъанавий механизмлари ўрганилди.

Бухоро вилоятининг Олот, Қоракўл ва Жондор туманларида табиат ҳодисаларининг салбий оқибатларини бартараф этиш, зарарларни қоплаш ва фермер хўжаликлари ҳамда саноат корхоналари фаолиятини қайта тиклашга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилишидан жабр кўрган Сирдарё вилоятининг Оқолтин, Мирзаобод ва Сардоба туманларининг иқтисодий салоҳиятини тезкор равишда тиклаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди - тижорат банклари, суғурта ва баҳоловчи компаниялар раҳбарларига зарар кўрган ҳудудларда тадбиркорлик субъектларини мақсадли ва тезкор қўллаб - қувватлаш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.

Шунингдек, тўқимачилик, ипак ва чармни қайта ишлаш саноати, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик соҳаларида янги инвестиция лойиҳалари пакетини амалга оширишни тезлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди, бу эса мазкур туманларда иқтисодий фаолиятни тиклаш ва маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш муаммосини ҳал этиш имконини беради.

Бундан ташқари, Навоий вилояти Нурота, Томди ва Учқудуқ туманларини ҳамда Самарқанд вилоятининг Пахтачи тумани ва Каттақўрғон шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ва мавжуд заҳиралар салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича ишчи гуруҳ томонидан олиб борилган ишларнинг дастлабки натижалари кўриб чиқилди.

Видеоконференция якунида маҳаллий тадбиркорлар ва экспортчилар билан ишлашда идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган тегишли қарорлар қабул қилинди, шунингдек устувор йўналишлардаги ишларни кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech