Русский Ўзбекча English

Ломбардия минтақаси президенти билан видеоконференция бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 1 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва Ломбардия ҳудуди (Италия) президенти А.Фонтана ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар бўлиб ўтди.

Музокаралар чоғида икки томонлама ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш механизмлари, инвестициявий, минтақалараро ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Икки мамлакат давлат тузилмалари ва ишбилармон доиралари ўртасида алоқаларни ўрнатишнинг яхлит воситаси - Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро ишчи гуруҳ шаклида институционал ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, Италиянинг Саноатчилар конфедерацияси "Конфиндустрия" ва унинг Ломбардиядаги минтақавий бўлинмаси "Ассоломбарда" иштирокида Милан шаҳрида Ўзбекистон-Италия бизнес-форумини ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Видеоконференция давомида ўтган йилнинг ноябрь ойида А.Фонтананинг Ўзбекистонга ташрифи Ломбардия ишбилармон доираларининг Ўзбекистондаги лойиҳаларни амалга оширишга бўлган қизиқишини ортишига кучли туртки бўлганлиги ҳам таъкидланди - ҳозирги вақтда нефть ва газ, соғлиқни сақлаш, балиқчилик соҳаларида, шунингдек, маиший қаттиқ чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлашда қатор лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Тери ва пойабзал, заргарлик буюмлари, брендга эга тўқимачилик маҳсулотлари ва ипак буюмлари, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳаларини қамраб олган ҳолда, Италия ва Ўзбекистон ишбилармонларнинг манфаатлари қўламини кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон ва Италия маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш орқали икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш чора-тадбирларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Маълумот учун: 2019 йилда Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ўсиб, 400 млн доллардан ошди. Жорий йилнинг январь-май ойлари якунларига кўра ўзаро савдо ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,4 фоизга ўсиб, 142,9 млн долларни ташкил этди.

Музокаралар чоғида ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш учун минтақалараро ҳамкорлик иқтисодий ва саноат кооперациянинг янги шаклига ўтиш Ўзбекистон-Италия муносабатларининг истиқболли йўналиши сифатида белгиланди. Хусусан, мулоқотда Самарқанд ва Республиканинг бошқа минтақаларида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, иссиқхоналар ва интенсив боғларни ташкил этиш, маиший техникалар, заргарлик буюмлари, қурилиш материаллари, кабель, ипак толаси, қоғоз ишлаб чиқариш, шунингдек, чорвачиликни ривожлантириш ва чиқиндиларни қайта ишлашда етакчи Ломбардия компанияларини жалб этиш истиқболлари қайд этилди.

Маданий-гуманитар соҳа ҳам муҳокама қилинди: ҳозирги вақтда Самарқанд давлат университети ва Инсубриа университети (Комо ш.) ўртасида ўқитувчилар, талабалар ва нашрлар алмашинувини, қўшма семинар ва тадқиқотлар ўтказишни таъминлайдиган ҳамкорлик ўрнатилган. Лойиҳаларни бошқариш ва менеджмент соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича Тошкент шаҳридаги Республика Бизнес ва бошқарув олий мактаби ва Милан Политехника университети қошидаги Бизнес олий мактаби ўртасидаги ўзаро алоқалар ҳам фаол ривожланмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Тошкент шаҳрида Италия дизайн марказини ташкил этиш ташаббуси устида ишлаш мақсадида Милан Политехника университети қошидаги «Полидизайн» дизайн мактаби билан алоқаларни ўрнатиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Музокаралар якунлари бўйича икки томонлама ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш ҳамда муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишлари доирасида аниқ натижаларга эришиш мақсадида тегишли чора-тадбирларни изчил амалга ошириш тўғрисида келишувга эришилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech