Русский Ўзбекча English

Коронавирус пандемиясининг иқтисодий оқибатлари билан курашишда Жаҳон банки Ўзбекистонга молиявий кўмак кўрсатади

Жорий йилнинг 6 апрель куни Бош вазир ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича Жаҳон банки вице-президенти С.Мюллер видеоконференц алоқа ёрдамида Мамлакат ҳамкорлик платформаси доирасида Ўзбекистон Республикаси ва халқаро молия институтлари, жумладан, Жаҳон банки ўртасидаги ўзаро муносабатлар масалаларини муҳокама қилдилар.

Томонлар аҳолини коронавирусдан ҳимоя қилишга, корхоналарни, биринчи навбатда, кичик ва ўртача тадбиркорлик субъектларини, қишлоқ хўжалик махсулотлари ишлаб чиқарувчиларини ва хусусий тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган биргаликдаги истиқболли чораларни муҳокама этишди. Шу қаторда, Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга коронавирус глобал пандемияси кўрсатган таъсирини юмшатишда Жаҳон банки кўмагининг имкониятлари ва механизмлари келишиб олинди.

С.Мюллер Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида аҳолининг ижтимоий ҳимояси даражасини ошириш ва мамлакатда иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш бўйича  айни пайтдаги ва ўзини оқлаган чораларини юқори баҳолади.

С. Мюллер Жаҳон банки "Стратегик тайёргарлик ва жавоб дастури" нинг бир қисмини (тезкор молиялаштириш глобал пакетининг ҳажми 14 миллиард АҚШ долларини ташкил этади) Ўзбекистоннинг инқирозга қарши дастурини қўллаб-қувватлаш учун сафарбар этишини таъкидлади.

Банк раҳбарияти ҳозирги вақтда соғлиқни сақлаш тизимини, ижтимоий ҳимоя институтлари ва муассасаларини ва бюджет кўмагини молиялаштириш учун 1,2 млрд. АҚШ доллари миқдорида маблағларни оператив ажратиш масаласи фаол кўриб чиқилаётганлигини билдирди. Мазкур маблағлар жорий йилнинг март ойида тасдиқланган коммунал инфратузилмани модернизация қилиш лойиҳаларини ва қишлоқ хўжалик  маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини молиялаштириш учун мўлжалланган 700 млн. доллар миқдоридаги кредит линияларига қўшимча бўлади.

Видеоконференция якунлари бўйича С.Мюллер Ўзбекистонга молиявий кўмак кўрсатиш масаласи устувор тартибда кўриб чиқилишига ишонтирди.

Шу билан бирга, томонлар бундай видеоконференция алоқаларни доимий равишда ўтказишга келишдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech