Русский Ўзбекча English

Корея ташқи ишлар вазири билан музокаралар ўтказилди

Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Сеул шаҳрига ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Кан Гён Хва билан учрашди.

Учрашув чоғида икки томонлама шерикликнинг кенг кўламли масалалари, шунингдек, устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. Кўп жиҳатдан Корея Республикаси Президентининг 2019 йил апрель ойида Ўзбекистонга амалга оширилган ташрифи туфайли эришилган мамлакатлараро мулоқотнинг юқори даражаси таъкидлаб ўтилди. Ташриф давомида қатор битим ва шартномалар имзоланди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан дунёда коронавирус тарқалишига қарши кураш бўйича энг катта муваффақиятга эришган давлатлардан бири сифатида эътироф этилган Кореянинг бу борадаги илғор амалиётини Ўзбекистонда жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди. Жумладан, пандемияга қарши курашда халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва мувофиқлаштиришга келишилди.

Бундан ташқари, ҳукумат ва вазирлар даражасида икки томонлама тадбирларни ташкил этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Улар орасида Ўзбекистон ва Корея Бош вазирлари ўринбосарларининг 3 чи йиғилиши, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Корея ҳукуматлараро қўмитасининг навбатдаги 10 чи йиғилиши, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокидаги бизнес – форуми ҳам бор.

Учрашув якунларига кўра мамлакатлараро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди ва умумий вазифаларни бажариш учун биргаликдаги фаолиятни давом эттириш бўйича ҳар икки томон тайёриги таъкидланди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech