Русский Ўзбекча English

Япония - Ўзбекистоннинг ишончли бизнес ҳамкори

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти (JETRO) вице-президенти Ё.Хошино иштирокида видеоконференция бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида JETRO раҳбарияти Ўзбекистоннинг ишончли бизнес ҳамкори бўлишда давом этиш ниятини тасдиқлади. Хусусан, Япония компания ва ташкилотлари раҳбарлари иштирокида Ўзбекистон - Япония бизнес клуби мажлислари ва “Invest in Rising Uzbekistan” бизнес-семинарларини ўтказиш амалиётини давом эттириш таклифи билдирилди. Ё.Хошино БАА ва Туркияда фаолият юритаётган япон компаниялари раҳбарлари учун семинарлар ўтказишни таклиф қилди.

Ўзбекистондаги JETRO ваколатхонасининг вакиллари мамлакатнинг ижобий инвестиция имижини тарғиб қилиш ва Япония бизнес ҳамжамиятида иқтисодий салоҳиятини очиб бериш борасида тизимли ишлар давом этаётганлигини таъкидлаб ўтдилар. Хусусан, JETRO расмий сайтида Ўзбекистонда хусусий компанияни очиш, меҳнат визасини ва ишлаш учун рухсатномани олиш тартиб-таомиллари бўйича қўлланмалар эълон қилинган. Мазкур маълумот JETRO электрон журнали орқали 4000 япон тадбиркорларига ҳам юборилди.

Музокаралар давомида Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдан манфаатдор янги потенциал шерикларни жалб этиш бўйича ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли механизмлари ҳам муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида томонлар мавжуд келишувларни амалга ошириш ҳамда ўзбек ва япон тадбиркорлари ўртасида янги алоқаларни ўрнатиш бўйича биргаликда иш олиб бориш орқали ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттириш ва ривожлантиришга содиқлигини тасдиқладилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech