Русский Ўзбекча English

Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти билан ҳамкорлик доирасидаги кейинги қадамлар муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 15 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Японияга ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти (JETRO) раиси ва бош ижрочи директори Нобуҳико Сасаки билан икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишга бағишланган учрашув ўтказди.

2019 йилнинг декабрь ойида Японияга амалга оширилган олий даражадаги ташриф чоғида эришилган келишувларни жорий этишнинг ҳозирги ҳолатини муҳокама қилар экан, томонлар Тошкент шаҳридаги JETRO ваколатхонаси фаолиятининг самарадорлигини юқори баҳоладилар. Шундай қилиб, япониялик мутахассисларнинг амалий ёрдами билан жорий йилнинг декабрь ойи бошларида Ўзбекистонда “Digital Knowledge” рақамли япон университети ўз ишини бошлади ва унда таҳсил олаётганлар бир вақтнинг ўзида иккита олий таълим олиш имкониятига эга бўлдилар. Суҳбат давомида ваколатхона томонидан “H.I.S.”, “Isuzu Motors”, “Balcom Co. Ltd”, “Gakko Plus” каби Ўзбекистонга тўғридан-тўғри сармоя киритаётган Япония компанияларини қўллаб-қувватлаш шунингдек, ўзбек мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотларини Япония бозорига экспорт қилишни рағбатлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлиги таъкидланди.

Ўзаро манфаатли инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда ўзбек тадбиркорлари билан фаол ҳамкорлик қилиш орқали Ўзбекистонда Япония компанияларини бизнес қилишга жалб этиш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш борасида ҳам келишувга эришилди. Япония капитали ва технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш Республикада хусусий сектор салоҳиятининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатиши ва мамлакатнинг технологик ривожланишига кучли туртки бериши таъкидланди.

Шу нуқтаи назардан Тошкентда иқтисодий ҳамкорлик қилиш бўйича Ўзбекистон-Япония ва Япония-Ўзбекистон қўмиталарининг навбатдаги 16чи йиғилиши доирасида ўзбек ва япон бизнес доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказиш билан боғлиқ амалий масалалар ишлаб чиқилди.

Япония томони JETRO раҳбари бошчилигида ва иқтисодиётнинг истиқболли тармоқларида бизнес ҳамкорлигини ўрнатишдан манфаатдор Япониянинг йирик компания ва корпорациялари вакилларидан иборат бизнес-миссияни Ўзбекистонга юборишга тайёрлигини билдирди.

Томонлар, шунингдек, жорий йилнинг декабрь ойида ўзбек ва япон бизнес доиралари вакиллари учун онлайн-форум ўтказишга келишиб олдилар. Онлайн-форум Нагоядаги “Тошкент кунлари” давомида ўтказилиши режалаштирилди.

Учрашув якунлари бўйича белгилаб олинган ташаббус ва келишувларни амалга ошириш бўйича кейинги ҳаракатлар келишиб олинди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech