Русский Ўзбекча English

ИТСВ: юқори даражадаги очиқлик ва кўп томонлама ҳамкорликка тайёрлик

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида маҳаллий оммавий ахборот воситалари, медиа маконининг вакиллари ва блогерлар билан пресс-нонушта ташкил этилди.

Тадбир давомида иштирокчилар кўп томонлама ҳамкорликни давом эттириш шаклларини муҳокама қилиб, идоранинг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари олдидаги очиқлигини янада ошириш муҳимлигини таъкидладилар. Вазирлик раҳбарияти оммавий ахборот воситаларининг давлат, бизнес ва аҳоли ўртасидаги боғлиқликни таъминлашда муҳим ўрин тутишини қайд этди, шунингдек, маҳаллий тадбиркорлар ва экспортчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш ва уларга кўрсатилаётган ёрдам самарадорлигини ошириш мақсадида оммавий ахборот воситалари билан ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, тадбир доирасида “FURSAT” давлат медиа-лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳани инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Воитов, Ёшлар ишлари Агентлиги директори А.Саъдуллаев ҳамда ИТСВ томонидан лойиҳа координаторлари тақдим этдилар.

А.Воитов ўз нутқида лойиҳанинг асосий мақсади йигит - қизларни ўз бизнес ғояларини амалга оширишда қўллаб-қувватлашдан иборат эканлигини таъкидлади.

“FURSAT” лойиҳасининг миссияси – ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва улар бандлигини оширишга қаратилган Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари (ЁСТЗ)ни яратиш ва фаолиятини ташкил этиш ташаббусини илгари суриш эканлиги таъкидланди.

Ташаббус шунингдек, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва саноатнинг турли соҳаларига инновациялар киритишни рағбатлантиришга мўлжалланган.

Президент Қарорига кўра, мамлакат бўйлаб 219 та ЁСТЗ ташкил этилади, улардан 185 таси ҳозирги кунда фаолият кўрсатмоқда ва ҳудудларида дастлабки лойиҳалар амалга оширилиши бошланган. Барча ЁСТЗлар зарур инфратузилма билан таъминланади ва уларда ёш тадбиркорларнинг инновацион ғоялари асосида ўз лойиҳаларини амалга оширишлари ҳамда ишлаб чиқариш объектларини қўришлари учун барча шарт-шароитлар яратилади.

Шунингдек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилгани ҳамда ёшлар лойиҳаларини молиялаштириш учун 100 миллион доллар ажратилгани қайд этилди.

“FURSAT” лойиҳасининг иштирокчиси ким бўлиши мумкин?

Ўз бизнес ғоялари бор, аммо уни бошлаш учун тажриба ва бошланғич капиталга эга бўлмаган 18 – 30 ёшли йигит-қизлар лойиҳа иштирокчилари бўлишлари мумкин.

Қандай қилиб “FURSAT” лойиҳасининг аъзоси бўлиш мумкин?

Агар сизда бизнес-ғоя ёки тайёр бизнес-режаси бор бўлса, www.fursatloyiha.uz веб-сайти (http://www.fursatloyiha.uz/) ёки @fursatloyiha_bot телеграм – бот орқали ариза беринг. Аризангиз ўрганилиб, тасдиқланганидан сўнг 7 йил муддатга 100 минг долларгача имтиёзли кредит олиш имкониятига эга бўласиз. Бундан ташқари, сизга яқин бўлган ЁСТЗ ҳудудида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 1000 квадрат метргача ер ажратилиши мумкин.

Агар сизда бизнес-режа бўлмаса, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар фабрикаси” бизнес-инкубаторларининг тажрибали мутахассислари уни ишлаб чиқишда сизга зарур ёрдам берадилар.

Маълумот учун телефон рақами: 71 238 52 21.

Лойиҳанинг бренди ҳақида

Логотип “FURSAT” сўзидан иборат бўлиб, унинг “U” ҳарфи “табассум” рамзини ифодалайди. У, ўз навбатида, мамлакат Ҳукуматининг ёш тадбиркорларга узатаётган “ёрдам қўлини” акс эттирувчи иккита “кичик одамчалар”нинг қўл сиқуви натижасида шаклланади.

Шиори

Шиорнинг ўзбек тилидаги версияси: Имкониятлар сеники!. Шиор “имкон”, “қулай, мос пайт” маъноларига эга бўлган “fursat” сўзининг моҳиятини акс эттиради. Бу лойиҳада у тўғри келган вақт, қулай, бизнесни бошлаш учун фойдали фурсат деган маънони англатади.

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech