Русский Ўзбекча English

Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар Кенгашининг 46-йиллик анжумани якунлари сарҳисоб қилинди

Жорий йилнинг 4 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар Кенгашининг 46-йиллик йиғилиши якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда ИТБ Президенти Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков сўзга чиқди.

Анжуман ИТБга аъзо мамлакатларнинг карантин чекловлари пайтида аҳолини ҳимоя қилишни таъминлаш, пандемиянинг иқтисодий оқибатларини бартараф этиш ва глобал иқтисодий инқироз шароитида халқаро ҳамкорликнинг янги схемалари ва механизмларини яратиш каби инқирозга қарши чораларни қўллаш тажрибасини муҳокама қилиш учун платформа бўлганлиги таъкидланди.

Тадбир кун тартибининг сермазмунлиги ҳам қайд этилди. Жумладан анжуман дастури доирасида бир қатор мавзуларга оид панель муҳокамалари ва мунозаралари бўлиб ўтди, уларда COVID-19 оқибатларига қарамасдан барқарорликни юксалтириш чора-тадбирлари, халқаро ҳамкорлик масалалари, иқтисодиётни қайта ишга тушириш ва тиклаш механизмлари, инвестицияларни жалб қилиш ва ковиддан кейинги даврда савдони фаоллаштириш, бизнесни рақамлаштириш, иқтисодиётнинг турли соҳаларига инновацияларни жорий этиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда бандликни ошириш йўллари ва бошқа тегишли мавзулар кўриб чиқилди.

Шунингдек, учрашув ИТБга аъзо мамлакатлар делегациялари ўртасида ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболларини белгилаш ва муҳокама қилиш учун самарали платформа бўлди. Бир қатор икки томонлама музокаралар ўтказилиб, аниқ келишув ва натижаларга эришилди.

Йиллик анжуман якунида бир қатор муҳим шартномалар имзоланди. Ўзбекистон ҳукумати, Саудия Арабистони ва ИТБ томонидан 100 миллион долларлик бошланғич сармояга эга Ўзбекистон Иқтисодий имкониятларини кенгайтириш жамғармасини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Халқаро Ислом савдо-молия корпорацияси (ITFC) ва “Трастбанк” ўртасида 15 млн доллар миқдорида савдони молиялаштириш линиясини очиш тўғрисида битим имзоланди. Шунингдек, “Туронбанк” билан ҳисоботларни Халқаро молиявий ҳисобот стандартлари (ХМҲС)га мувофиқ амалга оширишда техник ёрдам кўрсатиш тўғрисида битим имзоланди.

Матбуот анжумани якунида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларининг қишлоқ инфратузилмасини модернизация қилиш учун ушбу ҳудудлар аҳолисининг ҳаёт сифатини оширишга қаратилган “Обод Кишлок” дастури доирасида жами 200 млн долларлик кредит шартномаси имзоланди.

Шунингдек, Ўзбекистон онкологик хизмат кўрсатиш муассасаларини жами 80 миллион долларлик замонавий юқори технологияли ускуналар билан жиҳозлаш бўйича кредит шартномаси имзоланди. Натижада касалликларни ташхислаш самарадорлигини сезиларли даражада ошириш ҳамда беморларни муваффақиятли соғломлаштириш имкониятлари ошади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасида Ислом банкинги ва молияси учун норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш бўйича грант Битими имзоланди. Унинг натижасида мамлакатимизда Ислом молиялаштириш механизмларини жорий этиш имкони яратилади.

Бундан ташқари, Халқаро Ислом академияси ва ИТБ томонидан Академия негизида Ислом тараққиётининг “ақлли” синфини яратиш учун техник ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома имзоланди.

Имзоланган шартномаларнинг умумий миқдори 330 млн доллардан ошди.

Йиллик анжуман якунида 2022 йилги бюджетни, ўтган йил якунлари бўйича молиявий ҳисоботни ва ташкилий-техник характердаги бошқа ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech