Русский Ўзбекча English

Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 30 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Ислом тараққиёт банки Президенти Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир билан учрашув ўтказди.

Учрашув чоғида ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, қўшма лойиҳалар амалга оширилиши, шунингдек, Ўзбекистон ва ИТБ ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, таълим, инфратузилмавий қурилиш, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ жойларда ҳаёт сифатини яхшилаш соҳаларида 6 та янги инвестиция лойиҳасини келишиш борасида ишларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси, Халқаро Ислом савдо-молия корпорацияси ҳамда Инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурталаш Ислом корпорацияси каби ИТБ ва унинг шўъба ташкилотларининг Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга урғу берган ҳолда қўшма лойиҳалар портфелини кенгайтиришга оид ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришга тайёрлиги билдирилди.

Бундан ташқари, томонлар жорий йилнинг 1 сентябридан 4 сентябрига қадар Тошкентда бўлиб ўтадиган ИТБ Бошқарувчилар Кенгашининг Йиллик анжуманига тайёргарлик кўриш ишларини муҳокама қилдилар. ИТБ Президенти анжуман ва у билан боғлиқ тадбирлар юқори савияда ташкил этилаётгани учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди.

Унинг қайд этишича, мазкур тадбир халқаро ҳамжамият ҳамда ИТБга аъзо мамлакатларнинг ишбилармонлик доиралари вакилларида катта қизиқиш уйғотди: ҳозирги пайтга келиб учрашувда иштирок этиш учун 2 мингдан ортиқ киши рўйхатдан ўтган ва уларнинг сони ўсишда давом этмоқда. Тадбирда Банкка аъзо 57 мамлакатдан 2500 дан ортиқ вакиллар, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва тараққиёт институтлари вакиллари қатнашишлари кутилмоқда.

Учрашув якунлари бўйича томонлар ўзаро муносабатларнинг муҳокама қилинган йўналишлари доирасида ҳамкорликни янада кучайтириш йўлларини белгилаб олдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech