Русский Ўзбекча English

Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси билан "Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш" лойиҳасининг иккинчи босқичини молиялаштириш тўғрисида Битим имзоланди

Жорий йилнинг 4 август куни видеоконференцалоқа орқали Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (ҚХРХЖ) Президенти Ж.Унгбо ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков "Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш" лойиҳасининг 2-чи босқичи доирасида 47 млн доллар миқдорида молиялаштириш тўғрисидаги Битимни имзоладилар.

Битим шартларига мувофиқ, ҚХРХЖ 46,2 млн доллар миқдоридаги узоқ муддатли имтиёзли қарз маблағларини, шунингдек, 800 минг доллар миқдоридаги грант маблағларини ажратади.

Лойиҳанинг Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган ва у бир қатор таркибий қисмлардан иборат, жумладан:

- Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасининг салоҳиятини ошириш, Ўзбекистон ишбилармон аёллари ассоциацияси, Балиқчилик уюшмаси, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик илмий-тадқиқот Институти фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий халқаро сифат ва хавфсизлик стандартларини жорий этиш учун агросаноат корхоналари ва фермерларнинг кредит мажбуриятларини кафолатлаш бўйича имкониятларини кенгайтириш учун Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини молиялаштириш;

- кредит маҳсулотларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳисобига қишлоқ жойларда ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш;

- қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, экин майдонларининг ҳосилдорлигини ва сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини ошириш мақсадида суғориш тизимлари, метеорологик станциялар ва бошқа инфратузилма объектларини замонавийлаштириш.

Лойиҳада замонавий иссиқхоналар, интенсив боғлар барпо этиш, экологик тоза ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқаришни механизациялаштириш даражасини ошириш, Фарғона водийси вилоятларида қайта ишлаш қувватлари ва омборхоналар сиғимини кўпайтириш кўзда тутилган.

Лойиҳа доирасида кўзда тутилган қишлоқ хўжалиги билан шуғулланишнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек, қишлоқ жойларда қўшимча юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратиш натижасида меҳнат унумдорлиги ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ошириш ҳисобига лойиҳа ҳудуднинг 375 мингдан ортиқ аҳолиси даромадларининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.

Маросим иштирокчилари томонидан ушбу лойиҳанинг 2020-2030 йилларда Ўзбекистонда Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясида белгиланган стратегик мақсадларга эришиш, жумладан ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, тармоқда инвестиция муҳитини яхшилаш ва маҳаллий агросаноат корхоналарининг рақобатбардошлигини ошириш учун муҳимлигини таъкидладилар.

Тадбир якунида томонлар ишлаб чиқариш ва экспортнинг динамик ўсишини, қишлоқларда кўп янги иш ўринлари яратилишини таъминлайдиган ва умуман олганда, Республика ҳудудларининг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатадиган барқарор ишлаб чиқариш-таъминот занжирларини яратиш ҳамда ушбу секторда замонавий технологиялар ва ишланмаларни жорий этиш орқали Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини жадал ривожлантиришга йўналтирилган фаол ҳамкорликни давом эттиришга қатъий ниятларини билдирдилар.

Маълумот учун: ҚХРХЖ - БМТнинг ихтисослашган муассасаси бўлиб, унинг асосий вазифаси ривожланаётган мамлакатларда озиқ-овқат ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва аҳолининг овқатланиш ҳолатини яхшилаш мақсадида молиявий ресурсларни жалб қилишдир. 1977 йилдан буён ҚХРХЖ 90 та мамлакатда 350 млн одамга ёрдам бериш бўйича 700 тадан ортиқ дастур ва лойиҳаларни молиялаштириш доирасида 10 млрд доллар миқдорига яқин имтиёзли кредит ва грантлар тақдим этди.

ҚХРХЖнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар портфели умумий қиймати 139,5 млн долларлик 4 та лойиҳадан иборат, улардан Ўзбекистон мева-сабзавот сектори ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган 1 та 28,3 млн долларлик лойиҳа 2019 йилда амалга оширилган, қолган лойиҳалар эса ҳозирги вақтда амалга ошириш босқичида бўлиб, қишлоқ хўжалиги ва сут саноати секторида қўшилган қиймат занжирларини ривожлантиришга қаратилган.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech