Русский Ўзбекча English

ИҲРТ Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирмоқда

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков “Мамлакатлар платформаси”нинг Ўзбекистон бўйича йиғилиши доирасида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ИҲРТ) халқаро ҳамкорлик бўйича директори Андреас Шааль билан учрашди.

Учрашув чоғида томонлар жорий ҳамкорликнинг долзарб масалаларини ва шерикликнинг устувор йўналишларини кенгайтиришни муҳокама қилдилар.

ИҲРТ раҳбарияти ковиддан кейинги даврда бизнес юритиш ва иқтисодий тикланишнинг ҳуқуқий муҳитини такомиллаштириш соҳасидаги ҳамкорликнинг жорий натижаларини сарҳисоб қилиб, Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар дастури ижросини янада қўллаб-қувватлашга содиқлигини билдирди.

Иқтисодий ислоҳотларни жорий этилишининг ҳозирги ҳолатини ўрганиш ва ҳамкорликнинг энг устувор йўналишларини белгилаш бўйича биргаликда иш олиб боришда давом этишга келишилди. Ана шундай йўналишлардан бири сифатида томонлар, хусусан, Ўзбекистоннинг инвестиция сиёсатини ўрганиш ва уни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш долзарблигини таъкидладилар.

Маҳаллий экспортчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда ҳамкорлик истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, яқин келажакда ИҲРТ мутахассислари Ўзбекистонда кичик ва ўрта корхоналар экспортини оширишга қаратилган ислоҳотларни амалга ошириш самарадорлигини таҳлил қилиб, уни янада рағбатлантириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқадилар.

ИҲРТ раҳбарияти инвестиция қонунчилигини такомиллаштириш ва энг яхши халқаро амалиётлар асосида кичик ва ўрта бизнес учун ишбилармонлик муҳитини тартибга солишни енгиллаштириш мавзуларига оид вебинарлар ўтказиш ҳисобига Ўзбекистон давлат хизматчиларига маслаҳат ёрдами кўрсатиш амалиётини давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Томонлар турли мамлакатлар иқтисодиётининг хорижий инвесторларга очиқлиги даражасининг кўрсаткичи ҳисобланган ИҲРТнинг Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар учун тартибга солувчи чекловлар индексида Ўзбекистон юқори мавқега эга эканлигини таъкидладилар. Шу билан бирга, ИҲРТнинг савдо ривожланганлигининг даражаси ва аҳоли турмуш сифатини тавсифловчи бошқа индексларида Ўзбекистон иштирокини кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.

Учрашув якунида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича навбатдаги қўшма саъй-ҳаракатлар белгилаб олинди.

Маълумот учун: Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ИҲРТ) – глобаллашув шароитларида юзага келадиган ижтимоий-иқтисодий ва бошқарув муаммоларини ҳал қилиш учун биргаликда иш олиб бораётган бозор иқтисодиётига эга демократик мамлакатларнинг уюшмаси. Ўзбекистон ИҲРТ билан бир нечта соҳаларда, жумладан, коррупцияга қарши курашиш, ИҲРТ мамлакатлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, рақобатбардошликни ошириш ва инвестицияларни жалб этиш дастури бўйича фаол ҳамкорликни сақлаб келмоқда.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech