Русский Ўзбекча English

Қирғизистон Республикаси энергетика ва саноат вазири билан учрашув бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 6 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков “ИННОПРОМ”. Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги” Халқаро саноат кўргазмасида иштирок этиш доирасида Ўзбекистонда бўлиб турган Қирғизистон Республикаси энергетика ва саноат вазири К.Турдубаев билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Қирғизистон Республикаси Президентининг шу йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикасига ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш билан боғлиқ долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Умумий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатларини ривожлантириш истиқболлари ва мавжуд масалаларни ҳал этиш механизмлари ҳам атрофлича муҳокама этилди.

Томонлар икки Давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли турли даражада икки томонлама алоқаларнинг шаклланган юқори динамикасини, шунингдек, инвестиция, саноат ҳамкорлиги, савдо ва транспорт соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли режаларни қайд этди. Хусусан, томонлар саноат кооперацияси соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича 550 млн доллардан ортиқ бўлган 60та қўшма лойиҳани амалга оширишни кўзда тутадиган “Йўл харитаси”ни қабул қилдилар. Ўзбекистон томони эришилган келишувларни амалга ошириш, шунингдек, “Йўл харитаси”ни янги саноат лойиҳалари билан тўлдириш учун биргаликда иш олиб бориш мақсадида яқин ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Соҳага оид бир қатор масалалар муҳокама қилинди, уларнинг ҳал этилиши бу борадаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш имконини беради.

Ўзаро савдони ошириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Қайд этиш жоизки, мавжуд икки томонлама келишувларга кўра, бу йил давомида ўзбек-қирғиз савдо ҳажмини 1 млрд долларга, кейинги бир неча йил давомида эса 2 млрд долларга етказиш вазифаси қўйилган. Шу нуқтаи назардан, томонлар етказиб бериш тизимини ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни истиқболли бозорларга олиб чиқиш бўйича улгуржи-тақсимот ва логистика марказларини ривожлантиришни жадаллаштиришга келишиб олдилар.

Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий шериклик ва саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича доимий фаолият юритувчи ишчи гуруҳ доирасида учрашувлар ўтказиш амалиётини давом эттириш, шунингдек, икки томоннинг бизнес ва тадбиркорлик фаолиятини юритиши ҳамда экспортни амалга ошириши учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида экспертлар даражасида мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech