Русский Ўзбекча English

Қирғизистон Республикаси билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш бўйича навбатдаги вазифалар белгилаб олинди

Шу йилнинг 24 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков Қирғизистон Республикаси Бош вазири вазифасини бажарувчиси, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А. Новиков билан видеоконференция шаклида кенгайтирилган музокаралар ўтказди. Тадбирда, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда икки мамлакатнинг чегара ҳудудлари раҳбарлари иштирок этди.

Кун тартибининг асосий мавзуси сифатида алоҳида йўналишлар бўйича аввал тузилган қўшма ишчи гуруҳлар доирасида савдо, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, транспорт коммуникациялари ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда 8 декабрь куни Фарғонада бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси чегара ҳудудлари раҳбарлари ва Қирғизистон ҳукуматининг чегара ҳудудларида ваколатли вакиллари Кенгашининг 3-йиғилишида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан Ўзбекистон ва Қирғизистон вазирлик ва идоралари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

Томонлар тезкорлик билан ўрганишни талаб этувчи аниқ масалаларни кўриб чиқдилар ва уларни зудлик билан ҳал этиш механизмларни ишлаб чиқдилар.

Икки мамлакат ва уларнинг чегара ҳудудлари ўртасида инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини чуқурлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар атрофлича муҳокама этилди. Ушбу соҳаларда тизимли ҳамкорлик қилиш мақсадида томонлар саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва унинг изчил амалга оширилишини таъминлаш учун ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”ни мунтазам янгилаб боришга келишиб олдилар.

Музокараларда ўзаро савдо ҳажмининг янада ўсишини таъминлаш, унинг тузилмасини диверсификация қилиш, шунингдек, икки томонлама савдо қилишда статистик маълумотларни ҳисобга олишнинг ягона методологиясини ишлаб чиқиш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар, ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилишини батафсил таҳлил қилдилар ва натижалари бўйича ҳар икки мамлакат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилари ва ушбу соҳадаги илмий-тадқиқот институтлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш борасида навбатдаги вазифаларни белгилаб олдилар.

Мулоқот чоғида транспорт ва логистика соҳасида стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг устуворлиги таъкидланди. Ҳаво ташишларининг қайта тикланиши ижобий баҳоланиб, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг йирик шаҳарлари ўртасида халқаро автобус қатновини йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди. Шунингдек, транспорт соҳасидаги қатор лойиҳалар бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш, жумладан, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўл йўлагини яратиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Мулоқот давомида томонлар чегара ҳудудлар маъмуриятларини ҳамкорлик қилишга фаол жалб этиш, хусусан минтақалараро инвестициявий ва савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун алоҳида “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш муҳимлигини таъкидладилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech