Русский Ўзбекча English

Қирғиз Республикаси билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келгусидаги қадамлар муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Қирғиз Республикаси ташқи ишлар вазири Р.Казакбаев билан учрашуви бўлиб ўтди.

Томонлар икки томонлама ҳамкорликнинг кун тартибини, илгари эришилган келишувларни амалга оширишни ҳамда савдо, инвестиция, саноат кооперацияси, транспорт соҳасидаги ўзбек-қирғиз шериклигини кенгайтириш истиқболларини, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларидаги ўзаро алоқаларни муҳокама қилдилар.

Икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий кўрсаткичларни бир неча карра оширишнинг улкан салоҳияти қайд этилди, шу муносабат билан томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги саноат кооперацияси соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва келишиш ҳамда уни амалга ошириш жараёнини жадаллаштириш тўғрисида келишувга эришдилар.

Шу нуқтаи назардан, Ҳукуматлараро комиссия ишини ва Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегараолди вилоятлари маъмурият раҳбарлари Кенгаши фаолиятини кучайтириш тўғрисида келишувга эришилди.

Икки томонлама йиллик товар айланмаси ҳажмини яқин йилларда 1 млрд долларга етказиш мақсадида савдо тўсиқларини бартараф этиш бўйича ўзаро самарадор ҳамкорликка тайёрлик қайд этилди.

Мулоқот давомида транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари ҳам таъкидланди, бунинг учун ҳар икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари таркибида махсус ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди. Ишчи гуруҳнинг диққат марказида юкларни ташиш ҳажмини янада ошириш ва минтақавий транспорт йўлакларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича аниқ таклифларни, шунингдек, транспорт секторидаги долзарб масалаларни ишлаб чиқиш, жумладан, қўшма логистика марказларини яратиш ҳамда автомобиль ва темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўлади.

Учрашув давомида энергетика, таълим, соғлиқни сақлаш, фан, маданият ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликнин муҳим жиҳатларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Учрашув якунлари бўйича келгусидаги ўзаро алоқаларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди ва икки мамлакат ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик масалаларини зудлик билан ҳал қилиш учун иккала давлат раҳбарлари ва экспертлари даражасида мунтазам учрашувлар ўтказиш ва мулоқот қилиш амалиётини давом эттириш тўғрисида келишиб олинди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech