Русский Ўзбекча English

Инвесторларни манзилли қўллаб-қувватлаш – муҳим устувор мақсад

Жорий йилнинг 23 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков “Индорама” (Сингапур) компанияси директори Пракаш Кежривал билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида Қўқон шаҳрида йигирув ишлаб чиқаришини, Қашқадарё, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида умумий майдони 100 минг гектарга яқин пахта-тўқимачилик кластерларини ташкил этиш лойиҳасини ҳамда Қўқон суперфосфат заводини модернизация қилиш лойиҳасини назарда тутган ҳолда, сингапурлик инвесторнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари амалга оширилиши муҳокама қилинди. Жумладан, жорий йилда хўжаликлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, ишлаб чиқариш объектларини муҳандислик коммуникацияларига улаш ва дала ишларини олиб бориш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Хорижий инвестор Қашқадарё вилояти Касби туманида логистика маркази ва машина-трактор паркини қуриш орқали янги ташкил этилаётган ишлаб чиқариш объектларининг техник базасини кенгайтириш ҳамда Сирдарё вилояти Сардоба туманида пахтани қайта ишлаш бўйича янги корхона ташкил этиш юзасидан режаларини билдирди. Томонлар ушбу ташаббусларни амалга ошириш доирасида ўзаро ҳамкорлик қилиш йўлларини муҳокама этдилар, шунингдек, мавжуд амалий масалаларни ҳал этишнинг аниқ алгоритмларини ишлаб чиқдилар.

Учрашув якунида сингапурлик инвестор тарафидан Республикада амалга оширилаётган лойиҳа ва ташаббусларни Ўзбекистон  томони тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигига ишонтирилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech