Русский Ўзбекча English

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида кўргазма фаолиятини фаоллаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раҳбарлигида кўргазма фаолиятини кенгайтириш чора-тадбирларини муҳокама қилишга бағишланган видеоконференция шаклида мажлис бўлиб ўтди.

Мажлисда тегишли вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги раҳбарлари ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Санъатшунослик институти вакиллари ва Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси иштирок этди.

Халқаро кўргазмалар - хорижий ҳамкорлар билан инвестиция ва савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, экспортга йўналтирилган ички маҳсулотларни истиқболли хорижий бозорларга чиқариш учун энг самарали воситаларидан бири эканлиги, шунингдек, мамлакатлар ўртасида фаол маданий – тарихий алмашувига ёрдам бериши қайд этилди.

Шу сабабли, Москва шаҳридаги (Россия Федерацияси) Бутунроссия кўргазма маркази (Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси) ҳудудидаги Ўзбекистон миллий экспозиция марказида “Made in Uzbekistan” миллий маҳсулотлар кўргазмаси, шунингдек, ноёб музей экспонатлари ва коллекциялари, замонавий санъат ва ҳунармандчилик кўргазмаларини ташкил этиш масалалари муҳокама этилди.

Масъул раҳбарлар томонидан тадбирга тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг жорий ҳолати тўғрисидаги маълумотлари кўриб чиқилди, шунингдек, қурилиш ишларини олиб бориш, музей буюмлари ва коллекцияларини, замонавий санъат ва ҳунармандчилик маҳсулотларини жўнатиш ва кўргазманинг кутилаётган очилиш маросими доирасидаги бошқа тадбирлар билан боғлиқ ташкилий масалаларни тезкор ҳал этиш бўйича аниқ таклифлар берилди.

Шу билан бирга, режалаштирилган тадбирлар доирасида россиялик ҳамкорлар билан имзолаш мақсадида реал инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларининг дастлабки пакетини шакллантириш бўйича ишларни кучайтириш зарурлигига эътибор қаратилди - ушбу масалада Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси фаолиятини мувофиқлаштиради.

Маълумот учун: 2019 йил 30 май куни Ўзбекистон ва Россия Ҳукуматлари ўртасида Москва шаҳридаги Бутунроссия кўргазма маркази (ХХЮК) ҳудудидаги 66-павильонда «Ўзбекистон Республикаси кўргазма маданий маркази» экспозицион марказини ташкил этиш тўғрисидаги битим имзоланди, унга кўра павильон ва у билан тарихан боғлиқ ер майдонларининг қисми Ўзбекистон томонига 49 йил муддатга ижарага берилади. Айни пайтда павильонда реставрация-тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech