Русский Ўзбекча English

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Стратегик ташаббуслар агентлиги билан ҳамкорликни йўлга қўяди

Москва шаҳрида бўлиб туриши доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Россия Федерацияси Стратегик ташаббуслар агентлиги Бош директори С.Чупшева билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида томонлар ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни илгари суриш, жадал иқтисодий ривожланишни таъминлаш ва халқ фаровонлигини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишни назарда тутган ҳолда қатор соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида томонлар инвестициявий муҳитни такомиллаштириш ҳамда ишбилармонлик билан шуғулланиш жараёнлари шаффофлигини ошириш, юқори самарали инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, инвестиция соҳасидаги муаммоларни ҳал этишда давлат органлари самарадорлигини баҳолашга қаратилган ислоҳотларни илгари суришга доир таклифларни биргаликда тайёрлашни белгилаб олдилар.

Шунингдек, Ўзбекистонда ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлиги ва аҳоли ҳаёт сифатини баҳолашнинг рейтинг тизимини жорий этиш йўналишида биргаликда иш олиб боришга келишилди.

Учрашув якунида кўриб чиқилган муносабатлар йўналишлари доирасида амалий ҳамкорликнинг навбатдаги тадбирлари белгиланди. Томонлар Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Стратегик ташаббуслар агентлиги ўртасида ҳамкорлик бўйича ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдилар.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech