Русский Ўзбекча English

Инвестициялар ва ташқи савдо соҳаларидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 8 февраль куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигида инвестициялар ва ташқи савдо соҳаларида 2021 йил учун белгиланган биринчи навбатдаги чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси инвестициялар, экспортни қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий алоқалар бўйича комплексининг йиғилиши ўтказилди ва унда масъул раҳбарларнинг ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Тадбирларда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Транспорт вазирлиги, тегишли идоралар, тармоқ бирлашмалари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар уюшмалари, йирик корхоналар ҳамда тижорат банклари, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси раҳбарияти иштирок этди. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири, шунингдек, ҳудудлардаги банк муассасалари раҳбарлари тадбирларда видеоконференцалоқа орқали қатнашди.

Давлат раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида белгиланган ривожланишнинг устувор йўналишлари, жумладан, ёшлар бандлигини таъминлаш ва салоҳиятидан фойдаланиш, иқтисодиёт тармоқларини инновацион ривожлантириш, саноатнинг қатор тармоқларини “иқтисодий ўсиш драйверлари”га айлантириш, ишлаб чиқариш қиймат занжирларини кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш ҳамда яқин ва узоқ хориж мамлакатлари билан икки ва кўп томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда кенгайтириш масалалари ҳар томонлама муҳокама қилинди.

Таъкидландики, жорий йилда мамлакат Раҳбарияти томонидан 23 млрд доллар ҳажмдаги инвестицияларни ўзлаштириш, умумий қиймати 6,5 млрд долларга тенг бўлган 226 та йирик ва иқтисодий аҳамиятга эга инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш, шунингдек, ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида умумий қиймати 94,6 трлн сўмга тенг бўлган 7 мингдан ортиқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича вазифалар белгиланган. Мутасадди раҳбарларга ушбу вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида ижросини таъминлаш мақсадида ишни ташкил қилиш, ҳар бир туман, шаҳар ва маҳаллаларга барча даражадаги ходимларни бириктириш, уларнинг тегишли ҳудудларга чиқиш режаларини ишлаб чиқиш ва фаолиятини мониторинг қилиб бориш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.

Хом ашё ресурсларининг мавжудлигини, ички ва ташқи бозорларда тайёр маҳсулотларга бўлган талаб ва тегишли қиймат занжирларида иштирок этадиган турдош тармоқлар корхоналари билан логистика нуқтаи назаридан ўзаро боғлиқликни ҳисобга олган ҳолда, лойиҳаларни жойлаштириш майдонларини чуқур таҳлил қилишни ҳамда иқтисодий самарадорлик мезонлари бўйича лойиҳаларни ўрганиш ва танлашнинг кўп босқичли механизмини яратишни назарда тутиб, қатор тармоқларда инвестиция сиёсати тамойилларини қайта кўриб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Алоҳида тартибда ташқи савдо масалалари кўриб чиқилди – 2021 йилда экспорт ҳажмини ўтган йилдагига нисбатан 20 фоизга ўсиш билан 17 млрд долларга етказиш мақсад қилиб қўйилгани қайд этилди. Шу туфайли ҳар бир корхона билан бевосита ҳамкорликни йўлга қўйиш, мавжуд муаммоларни зудлик билан аниқлаш ва уларни ҳал этиш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни қўллаш орқали экспортчиларга кўмаклашиш бўйича Республика штабининг самарадорлигини ошириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, қўшимча фойдаланилмаётган экспорт захираларини аниқлаш ва қишлоқ хўжалиги ҳамда саноатнинг истиқболли йўналишларига илғор технологияларни жорий этиш вазифалари қўйилди. Бу, ўз навбатида, ички маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозордаги ўрнини мустаҳкамлаш имконини беради. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари фаолияти танқидий кўриб чиқилиб, уларни самарали иқтисодий дипломатияни амалга оширишга ва Ўзбекистон маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқаришда маҳаллий экспортчиларга амалий ёрдам кўрсатишга янада чуқурроқ жалб этиш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, халқаро инвестициявий ва савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш ва алоҳида ҳамкор мамлакатлар билан келишувларни ҳаётга татбиқ этиш, халқаро молия институтлари маблағларини жалб этган ҳолда амалга оширилаётган лойиҳалар ва давлат активларини хусусийлаштириш дастурини ижро этиш доирасида инвестицияларни жалб қилиш билан боғлиқ қатор бошқа масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, “Лойиҳалар фабрикаси” фаолияти ва бир неча хорижий мамлакатларда “Made in Uzbekistan” миллий ишлаб чиқарувчилар кўргазмаси каби қатор тадбирларни ўтказиш, Тошкентда Ислом тараққиёт банки гуруҳи Бошқарувчилари кенгашининг йиллик йиғилиши, Тошкент халқаро инвестиция форуми, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги хорижий инвесторлар Кенгашининг йиғилишини ташкил этиш ва ўтказиш, Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст жамғармаси фаолияти билан боғлиқ ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Ижро интизомининг бугунги ҳолати ва уни мустаҳкамлаш бўйича амалий чора-тадбирлар алоҳида муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро ҳолати танқидий кўриб чиқилди.

Муҳокама чоғида вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларига мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда Давлат раҳбари ва Ҳукумат топшириқларини сифатли ва ўз вақтида бажарилиши юзасидан юқори ва ўрта бўғин раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди.

Йиғилиш якунида ижро интизомини мустаҳкамлаш, ҳукумат қарорлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашни такомиллаштириш, шунингдек, белгилаб берилган вазифаларни бажариш самарадорлигини ошириш бўйича ишларни ташкил этиш юзасидан қўшимча кўрсатмалар берилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech