Русский Ўзбекча English

Инвестиция ва ташқи савдо соҳасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигида инвестициялар ва ташқи савдо фаолиятини кучайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, айрим вилоят, туман ва шаҳарларни ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган долзарб йўналишларни муҳокама қилиш мақсадида видеоконференция ўтказилди.

Йиғилишда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, тармоқ идоралари, саноат бирлашмалари, тегишли давлат органлари, тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий давлат органлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.

Тармоқлар ва ҳудудлар кесимида 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида ташқи савдо фаолияти прогнозининг бажарилиши кўриб чиқилди. Шу нуқтаи назардан, дунёнинг 40 мамлакатида Ўзбекистон Республикасининг элчихоналари ва консулликлари томонидан ички маҳсулотларни экспорт бозорларига чиқаришга кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларининг самарадорлиги таҳлил қилинди. Ишлаб чиқарувчилар билан биргаликдаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида экспортга етказиб бериш бўйича жадваллар ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг мониторинги тўсқинлик қилувчи муаммоларни тезкорлик билан аниқлаш имконини беради.

Алоҳида тартибда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти тадбиркорлари ва экспортчиларига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича тадбирлар натижалари, хусусан, айланма маблағларни тўлдириш учун кредит ресурсларини ажратиш ва илгари тўланган ҚҚС суммаларини қайтариш масалаларини ҳал этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўрганилди. Алоҳида тартибда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг март ойида Хоразм вилоятига амалга оширган ташрифи чоғида, шунингдек, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида Ҳудудлар ва тармоқларда экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича республика комиссияси фаолияти давомида берилган топшириқларнинг бажарилиши ҳам ўрганиб чиқилди.

Таҳлил натижалари асосида Комиссиянинг вилоятга ташрифи давомида аниқланган 171 та муаммоли масаладан 167 таси ҳал этилиб, тегишли инвестиция лойиҳаларининг режали тарзда, айрим ҳолларда эса муддатидан олдин бажарилиши таъминланганлиги аниқланди. Қўшимча равишда, бугунги кунда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан биргаликда амалга оширилаётган айрим масалалар муҳокама қилинди - ностандарт ечимлар ишлаб чиқилиб, ҳал этилмаган масалаларни тезкор ечимларини топиш бўйича топшириқлар берилди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази томонидан тайёрланган, умумий қиймати 495 млн долларга тенг бўлган 30 та янги истиқболли инвестиция таклифларининг амалга оширилиши кўриб чиқилди. Ушбу лойиҳалар умумий қийматидан 468 млн долларни тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш йўли билан қоплаш режалаштирилган. Ҳозирги кунда мазкур лойиҳалар бўйича Хоразм вилоятининг туман ва шаҳарларига бириктирилган Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари аниқ келишувларга эришиш мақсадида видеоконференцалоқа орқали хорижий компаниялар билан фаол музокаралар олиб бормоқда.

Шунингдек, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида имкониятларни ўрганиш ҳисобига Бухоро вилоятида инвестиция фаолиятини жадаллаштиришга қаратилган чоралар муҳокама қилинди. Саноат бирлашмалари раҳбарларига юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни юқори технологик ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун туман ва шаҳарларда мавжуд ресурслар ва имкониятларни пухта таҳлил қилиш топширилди.

Тадбиркорлик фаолиятини тиклаш, маҳаллий фермер ва ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Олот, Жондор ва Қоракўл туманларида янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ишлар натижалари таҳлил қилинди. 2021 йилнинг биринчи чораги якунига кўра ушбу соҳаларда умумий қиймати 720 миллиард сўмдан ортиқ бўлган жами 170 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Тегишли вазирлик, идора, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъул раҳбарларига мазкур лойиҳалар ижросини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва мониторинг қилиш топширилди.

Бундан ташқари, хорижий бозорларга чиқишни мўлжаллаган йирик маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар асосида экспорт кластерларини шакллантириш, шунингдек, янги истиқболли инвестиция таклифларини ишлаб чиқишга қаратилган иқтидорли ёшлар ва ватандошлар вакилларини жалб этган ҳолда “Лойиҳалар фабрикаси”ни фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан олиб борилаётган ишларни кучайтириш бўйича мақсадли кўрсатмалар берилди.

Наманган вилоятида аҳоли бандлигини таъминлаш, бизнесни ривожлантириш ва қамбағалликни қисқартириш борасидаги ишлар натижалари кўриб чиқилди. Шу мақсадда 2020-2022 йиллар давомида жами 14 трлн сўмлик 1900 та инвестиция лойиҳаси режалаштирилган бўлиб, бу 48 минг янги иш ўринлари яратиш имконини беради. Шу билан бирга, биргина жорий йилнинг ўзида 31 минг янги иш ўрни яратилиши билан умумий қиймати 6,9 трлн сўмлик 1589 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган.

Айни пайтда, махсус ташкил этилган Ишчи гуруҳи бозор ўзгаришлари, мавжуд ресурслар ва имкониятларни батафсил ўрганиш асосида “ўсиш драйверлар”ни аниқлаб, минтақада янги, нисбатан кичик миқдорда инвестициялар киритилган тақдирда ҳам юқори иқтисодий самара бериши мумкин бўлган лойиҳаларни шакллантириш бўйича ишини давом этмоқда.

Масалан, Наманган вилоятида тўқимачилик саноатининг ривожланишини ҳисобга олган ҳолда, вилоятнинг туманларидан бирида тўқимачилик соҳасига ихтисослашган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва қадоқлаш, шунингдек, божхона расмийлаштируви ва юкларни ташиш бўйича хизматларни қамраб олувчи эркин савдо ва саноат зонасини ташкил этиш таклифини ишлаб чиқиш топширилди. Худди шунингдек, Поп туманида жунни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун қувватларни ўз ичига олган чорвачилик кластерини яратиш имкониятини кўриб чиқиш бўйича кўрсатма берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг май ва июнь ойларида Андижон ва Фарғона вилоятларига ташрифи чоғида берилган кўрсатмалари ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Андижон вилоятида 2020 йилда жами 7,1 трлн сўмлик 42 минг янги иш ўрни яратиш имконини берадиган 774 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Фарғона вилоятида умумий қиймати 7 трлн сўмга тенг бўлган 737 лойиҳа амалга оширилади ва 20 минг янги иш жойлари яратилади. Таҳлил жараёнида вазифаларни амалга оширишга тўсқинлик қилувчи алоҳида ва тизимли характердаги муаммоли масалалар аниқланиб, уларни бевосита учрашув давомида, “мия бўрони” услуби орқали ҳал этиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари, вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларига аниқ ташаббускор ва молиялаштириш манбаларини аниқлаган ҳолда қўшимча, 2021 йилда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш орқали жалб этиладиган инвестициялар ҳажмини 30 фоизга ошириш орқали Андижон вилоятининг ҳудудий ривожланиш дастурини кенгайтириш топширилди.

Маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш масаласининг устуворлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди, шу муносабат билан иш жойларга муҳтож аҳоли амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича тақсимланиб, объектлар фойдаланишга топширилишига қараб, иш билан таъминланиши белгиланди.

Шунингдек, видеоконференция давомида масъул раҳбарларга бир қатор мақсадли топшириқлар берилди: Осиё тараққиёт банки ресурсларини жалб этиш орқали Андижон вилоятида қаттиқ чиқиндиларни бошқариш лойиҳасини амалга ошириш учун ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлаш, шунингдек, тўқимачилик маҳсулотлари таннархини 10% камайтириш чора-тадбирларини амалга ошириш ва тикувчилик ва трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш учун "Йўл харитаси" ишлаб чиқиш, шунингдек, “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастурини амалга ошириш учун қўшимча маблағ ажратиш топширилди.

Йиғилиш натижасида тегишли давлат тузилмалари ва маҳаллий ҳокимият органларининг масъул раҳбарларига вазифа ва кўрсатмаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсий жавобгарлик юклатилди. Кўрсатмалар бажарилишининг назорати Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан амалга оширилади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech