Русский Ўзбекча English

Инвестиция фаолиятини тартибга солишни такомиллаштириш йўлида янги қадам

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инвестиция фаолиятини тартибга солувчи қонун меъёрларни тизимлаштириш бўйича катта ишлар олиб борилди ва, мамлакат тарихида биринчи марта, унификация қилинган ҳужжат – Ўзбекистон Республикасининг “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Бу миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш ва уни халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлигига ижобий таъсир кўрсатди.

Ўз навбатида, ушбу қонуннинг қабул қилиниши инвестициялар ва инвестиция фаолияти соҳасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солувчи бир қатор қонуности ҳужжатларни мувофиқлаштиришни талаб қилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 апрелдаги 264-сон “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида” 2005 йил 2 августдаги 180-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши ушбу йўналишда эришилган катта ютуқ бўлди.

Бу борада асосий амалий янгилик - Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан чет эллик инвестор ўртасида инвестиция шартномаларини тузиш, ўзгартириш киритиш, тугатиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низомнинг янги таҳрирда тасдиқланиши ҳисобланади.

Унда инвестиция шартномасини тузиш ва амалга ошириш схемаси тубдан қайта кўриб чиқилди, илгари амалда бўлган ортиқча бюрократик жараён ва механизмлар бартараф этилди. Схема янада соддалаштирилган, қулай ва мукаммал бўлди.

Илк бор Намунавий инвестиция шартномаси тасдиқланди - уни жорий этишдан олдин инвестиция шартномаларининг кўплаб турлари мавжуд бўлиб, бу ҳар доим ҳам уларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминламас эди ва вазифалар самарали бажарилишига, инвестиция таклифларнинг амалга оширилишини мураккаблаштирувчи омиллар тезкор аниқланишига ва бартараф этилишига тўсқинлик қилар эди.

Инвестиция шартномаларига коррупцияга ва монополияга қарши киритилган мажбурий тушунчалар каби муҳим янгиликни алоҳида таъкидлаш жоиздир.

Маълумот учун: коррупцияга ва монополияга қарши тушунчалар - бу коррупцияга қарши қонунчиликка риоя қилиш ва адолатли рақобатни таъминлаш бўйича шартноманинг томонлар ўртасида келишиб олинган тегишли бандларидир.

Қарор Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигини хорижий инвесторлар томонидан инвестиция шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилувчи ваколатли орган сифатида белгилайди.

Ушбу ҳужжатларнинг қабул қилиниши инвесторлар фаолиятини сезиларли даражада соддалаштиради ва осонлаштиради, республиканинг халқаро ҳуқуқий соҳадаги имиджини юксалтиради ва хорижий ишбилармон доираларда инвестицион жозибадорлигини оширади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech