Русский Ўзбекча English

Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси С. Джа билан учрашув бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 10 январь куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси С. Джа билан учрашди, унда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг бугунги кундаги ҳолати муҳокама қилинди. Учрашувда Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистон Республикасидаги  Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ф. Арзиев ҳам иштирок этди.

Суҳбат чоғида икки томонлама шериклик кўламини кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратилганлиги қайд этилди, шу сабабли инвестиция лойиҳалари ва савдо битимлари ижросини ҳисобга олган ҳолда қўшма ташаббусларни амалга оширишни жадаллаштириш механизмларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор берилди.

Шу нуқтаи назардан, Эркин савдо тўғрисидаги битимни имзолаш истиқболлари биргаликда ўрганиш учун ўтган йил сентябр ойида имзоланган Ўзаро англашув меморандумининг аҳамиятини таъкидлаш керак.

Вазирлик раҳбарияти Ҳиндистон Савдо ва саноат вазирлиги билан биргаликда ўрганишлар олиб бориш ва кейинчалик Эркин савдо тўғрисидаги битимни имзолаш жараёнини жадаллаштиришга тайёр эканлигини билдирди ва ушбу йўналишда ҳамкорликни фаоллаштиришни таклиф қилди.

Шунингдек, икки томонлама ҳужжатларнинг амалда бажарилишини мувофиқлаштириш ва рағбатлантириш бўйича Ўзбекистон-Ҳиндистон қўмитасининг биринчи йиғилишига тайёргарлик олиб бориш масалалари муҳокама қилинди - режалаштирилаётган тадбирнинг санаси, ўтказилиш жойи ва кун тартиби бўйича таклифларишлаб чиқилди.

Учрашув якунида, қўйилган мақсадларга эришиш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси ўртасида тезкор ҳамкорлик дастури шакллантирилди.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech